Ўзбекистон | 11:07 / 24.10.2024
7874
5 дақиқада ўқилади

Фарғона марказида кўп йиллик дарахтлар кўчириш йўли билан қуритилди. Масъуллар ёлғон маълумот бермоқда

Фарғона шаҳрининг Сайилгоҳ ва ал-Фарғоний кўчаси туташган ҳудудда беш юлдузли меҳмонхона қурилиши бошланиши арафасида 25 йиллик дарахтлар бошқа жойга кўчирилиши оқибатида қуриб қолган. Кўкариб тургандай кўринаётган қарағайлар ҳам янги жойга мослаша олмай сўлиб бормоқда. Масъулларнинг маълумотлари эса бир-бирига тўғри келмаяпти.

Атрофи ўраб олинган ҳудудга етиб келган қурувчи, экология бошқармаси вакили ҳамда ҳокимлик расмийси кўп йиллик манзарали дарахтларнинг барчаси бошқа жойга кўчирилганини айтган бўлса-да, қўпорилган ва кесилган дарахт томирлари панада қалашиб ётибди.

Kun.uz мухбири ҳолатни ўрганиш учун ҳудудда бўлиб, масъуллар сўзларига қулоқ тутди.

Фарғона шаҳар Экология бўлими бошлиғи Суҳроб Амировнинг айтишича, янги жойга кўчирилган дарахтлар кўкариб кетиши учун агроном бириктирилган.

Суҳроб Амиров

Бу ҳудудда 16-18 та мажеря дарахти бўлган, ён томонларга кўчирилган. Бу бўйича биз қурувчиларга кафолат хати берганмиз. Ҳозирги кунда зарар миқдори ҳисобланмоқда. Агар дарахт қуриб қолса ҳам зарари қоплаб берилади. Бу ерда битта дарахт сўлиб қолган ва бу учун тегишли жарима Маъмурий жавобгарлик кодексининг 79-моддасига биноан ундирилади.

Кўчирилган дарахтларни суғориш ва унга қараш Экология бошқармасининг  назоратида. Агроном бириктирилган. Аввал дарахт кўчириб кўрмаганмиз, бу биринчиси. Кўчирилган дарахтлар 20-25 ёшда бўлиб, уларнинг кўкариб чиқишига кафолат бор. Чунки ҳар куни назорат олиб борилмоқда. 6 та кичик сосна дарахти аҳоли яшайдиган уйларнинг атрофига, қолганлари эса шу ерга кўчирилган”, дейди Суҳроб Амиров.

Экология бошқармаси билан келишганмиз”

Ўзини “ZTF Global Group” МЧЖ иш бошқарувчиси деб таништирган Дилмурод Бобобеков қурилиш лойиҳа ҳужжатларини тақдим қила олмади.

Дилмурод Бобобеков

Ушбу ҳудудда бизнес мажмуаси, ёшлар маркази, беш юлдузли меҳмонхона ва бир қанча бинолар қуришни режалаштирганмиз. Дарахт кўчириш ишлари биздан аввалги компания томонидан амалга оширилган бўлса керак. Аммо биз билан бу масала кўрилмаган. Экология бошқармаси билан келишув амалга оширилган, аммо масъул ходим Хитойга виза олган ва ҳужжатлар ҳозир қўлимизда эмас. Бир-икки кунда тақдим этилади, албатта.

25 йиллик дарахтларни қайтадан ўстириш қийин, аммо биз ҳам атроф-муҳитга етказаётган зараримизнинг ўрнига бошқа дарахт ўтказиб, тўлдириб беришимиз мумкин. Бу бўйича Экология бошқармаси томонидан огоҳлантирилганмиз. Янги дарахт ўтқазиш борасида ишлар олиб борилмоқда.

Хитойдан турли техник асбоблар олиб келинмоқда ва булар дарахтларга зарар бериши мумкин бўлганлиги учун ҳам бошқа жойга кўчирилди”, дея таъкидлайди Дилмурод Бобобеков.

Фарғона шаҳар ҳокими ўринбосари Шарофиддин Саидов қурилиш ишлари олиб борилаётган ҳудудда барча дарахтлар кўчирилмай ўз ўрнида турганини билдирди:

Шарофиддин Саидов

Хитойнинг “Baishan Zhongtian Development” компанияси томонидан қурилаётган беш юлдузли меҳмонхона ҳудудида турибмиз. Бу ерга Хитойдан турли кўчатлар олиб келиб экилиши режалаштирилган. Хитойдан яна дарахтлар олиб келиб ўтқазамиз. Бу масалани қурувчилар билан ҳам суҳбатлашиб аниқлаш мумкин. Ҳудудда манзарали дарахтлар ўз жойида турибди. Бошқа жойга кўчирилмаган”.

Аслида ҳолат масъул айтганидек эмас, кўп йиллик дарахтлар бошқа жойга кўчирилган ва ҳатто қуриб қолишга ҳам улгурган.

Ўраб олинган ҳудудда эса кесилган дарахтлар томирлари ётибди.

Kun.uz суриштирувидан сўнг Фарғона вилояти Экология бошқармаси ҳолатга муносабат билдирди. Унда айтилишича, қурилиш ишларига халақит бергани сабаб 6 туп кўп йиллик манзарали дарахт қурувчи томонидан ҳеч қандай рухсатномасиз бошқа ерга кўчирилгани, бунинг оқибатида 1 туп кўп йиллик эман дарахти қуриб қолгани аниқланган.

Қурувчига нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 79-моддаси 1-қисмига асосан баённома расмийлаштирилиб, 9 млн 375 минг сўм миқдорида жарима қўлланган. Шунингдек, 33 млн 750 минг сўм ўсимлик дунёсига етказилган зарар ҳисобланган.

Экология бошқармаси муносабатида қурилиш бўлаётган ҳудудда 6 туп дарахт бошқа жойга кўчириб ўтқазилгани айтилган. Лекин бу сон ҳақиқатдан анча йироқ. Шаҳар экология бўлими бошлиғининг ўзи интервюсида кўчирилган дарахт 16 туп эканини айтганди. Қолаверса, кесиб ташланган дарахтлар ҳам бор.

Экологик ҳолат тобора ёмонлашаётган бир пайтда масъуллар ҳануз дарахт танасига болта уриш билан овора. Шаҳарда замонавий бинолар қурилгани яхши, лекин дарахткушлик эвазига эмас албатта.

Kun.uz ҳолатни кузатишда давом этади.

Сарвар Зиёев, Kun.uz
Монтаж устаси: Сардор Мамиров

Мавзуга оид