Олий Мажлис Қонунчилик палатаси декабр ойи бошида 2025 йилга мўлжалланган давлат бюджети тўғрисидаги қонунга давлат харажатларини сезиларли даражада оширишни назарда тутувчи тузатишларни маъқуллаган, дея ёзди Gazeta.uz.
Тузатишлар кўриб чиқилгани ва қабул қилингани ҳақидаги маълумотлар парламент қуйи палатасининг расмий манбаларида эълон қилинмаган, ушбу масала юзасидан мажлислар трансляцияси ҳам бўлмаган.
Ҳужжат 2026 йилга мўлжалланган давлат бюджети ва солиқ сиёсати тўғрисидаги қонун кўриб чиқилиб, қабул қилинган кунларда — 3 ва 5 декабр кунлари муҳокама этилган.
2025 йил учун давлат бюджети тўғрисидаги қонунга киритилаётган ўзгартиришлар қабул қилингани ҳақида 18 декабр куни Сенатда улар кўриб чиқилаётган пайтда маълум қилинган. Белгиланган тартибга кўра, қонун лойиҳалари аввало Қонунчилик палатасида уч ўқишда кўриб чиқилади, шундан сўнг парламентнинг юқори палатаси — Сенатга юборилади.
Иқтисодиёт ва молия вазирлиги йил давомида бюджет харажатларини ошириш бўйича ташаббусларни парламент муҳокамасига чиқармаган, шунингдек, қўшимча харажатлар заруриятига оид асословчи материалларни депутатларга тақдим этмаган. Давлат бюджетига тузатишлар киритиш тўғрисидаги қонун лойиҳаси йил охирида Қонунчилик палатасига киритилган.
2024 йилнинг якунида ҳам давлат органлари ва ташкилотларининг 2024 йилдаги харажатлари қонунда ёзилганидан 10 триллион сўмга ошиб кетганди. Қонунчилик палатаси давлат бюджети тўғрисидаги қонунни ҳукумат сўраганидек қилиб 9 дақиқа ичида учта ўқишдан ўтказиб берганди. Бирорта депутат қарши овоз бермаганди.
2023 йилда ҳам йил якунига 15 кун қолганда давлат бюджети тўғрисидаги қонун ўзгартирилганди. Депутатлар консолидацияланган бюджет тақчиллиги лимитини ЯИМга нисбатан 3 фоиздан 5,5 фоизгача, йиллик ташқи қарз лимитини 4,5 млрд доллардан 5,5 млрд долларгача кўпайтиришни 20 дақиқа ичида тасдиқлаб беришганди.
2022 йилги давлат бюджети тўғрисидаги қонунда ҳам дефицит бўйича 3 фоизлик лимит кўрсатилган, лекин давлат харажатлари даромадлардан кескин ортиб кетиши ортидан, бюджет қонунига ўзгартириш киритилиб, лимит 4 фоизга кўтарилганди.









