«Учоёқ» ёки «Нексия-3»дан келган жарима: Олий суд бундай қарорни бекор қилди
Ҳуқуқшунос кўчма радарлар қайд этган жаримани тўлашга шошилмасликка чақирди. Чунки бу ҳолатда ЙПХ ходими радардаги тезлик кўрсаткичи билан ҳайдовчини таништириши, унинг талаби билан мосламанинг сертификати (нусхаси)ни ҳам кўрсатиши керак. ИИВ ҳуқуқшуноснинг гапларини инкор қилишга уринди, лекин Kun.uz'га маълум бўлишича, Олий суд бу масалада аллақачон ҳайдовчи фойдасига қарор чиқариб бўлган.
Мақола аввалида унда муҳокама қилинадиган техник воситалар ҳақида қисқа маълумот бериб ўтамиз:
Кўчма фоторадар – ҳайдовчилар тилида “учоёқ” деб аталувчи мослама автомобиллар ҳаракат тезлигини ўлчаш учун мўлжалланган бўлиб, ЙПХ ходимларининг кунлик дислокацияси бўйича муайян ҳудудда йўл четларига ўрнатилади.
Мобил комплекс – бу махсус автомобилларга ўрнатилган фоторадар мосламалари мажмуи ҳисобланади, иш вақти вақти ва жойлашуви ЙПХ ходимларининг кунлик дислокацияси бўйича бўлади.
Махсус автоматлаштирилган аудио, фото ва видео қайд этиш техника воситалари – бу муайян жойга (асосан шаҳарлар кўчаларида, чорраҳаларда, катта йўл ёқаларидаги симёғочлар ва махсус устунларга) ўрнатиб қўйилган, қўзғалмайдиган, йўл ҳаракати қоидабузарликларини аниқлайдиган радар мосламаси.
Эътиборга олиш керакки, бу мақола “махсус автоматлаштирилган аудио, фото ва видео қайд этиш техника воситалари” ҳақида эмас.
Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 1 декабрдаги 975-сон қарори билан тасдиқланган Низомнинг 31-бандига асосан, кўчма фоторадар ва мобиль комплекслардан фойдаланганда, ЙПХ ходими ҳаракат тезлигини ошириб қоидани бузган ҳайдовчини мосламанинг кўрсаткичлари билан таништириши, унинг талаби билан мосламанинг сертификати (нусхаси)ни кўрсатиши лозим.
Шу низомнинг 34-бандига кўра, кўчма фоторадар ва мобил комплексларни қўллаш жойи ва вақти ДЙҲХХ саф бўлими (бўлинмаси) бошлиғи томонидан тасдиқланган дислокацияга мувофиқ белгиланади.
Бу амалда кўчма фоторадар ва одатда “Nexia-3” автомобилларига (бошқа русумдаги автомобилларга ҳам ўрнатилиши мумкин) ўрнатиладиган радар мосламаси қоидабузарлик қайд қилганда ундан фойдаланаётган ЙПХ инспектори қоидабузар ҳайдовчини тўхтатиши ва унга мосламадаги ҳаракат тезлиги кўрсаткичини кўрсатиши лозимлигини англатади.
Бироқ, амалиётда бунда бўлаётгани йўқ: “учоёқ” ҳам “Nexia-3”лар ҳам қоидабузарликларни симёғочларга ўрнатилган стационар радарлар каби тўғридан тўғри ҳисобга олмоқда жарималар ундирилмоқда.
Интернетда ҳуқуқшунос томонидан ҳайдовчиларга шу масалада маслаҳат берилган видео тарқалди. Видео муаллифи кўчма радарлар қайд этган тезликка доир қоидабузарлик бўйича маъмурий баённомалар, агар ҳайдовчи радардаги кўрсаткич билан таништирилмаган бўлса, ҳақиқий деб ҳисобланмаслигини таъкидлайди.
ИИВ Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати масалага изоҳ беришга ва ҳуқуқшуноснинг иддаоларини рад этишга уринди. Лекин, расмийлар муносабати акс этган видеода ҳуқуқшунос айтган гаплар одамларни чалғитувчи даражада кесилиб, контекстдан масаланинг моҳиятидан узоқлаштирувчи даражада монтаж қилиб кўрсатилган. Яъни бундан гўё гап айнан қайси турдаги радарлар ҳақида кетаётганини билдирмаслик мақсад қилинган.
Масалага Олий суд нуқта қўйган – ҳайдовчи фойдасига
ИИВ Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати мавжуд вазиятни ҳар қанча оқлашга уринмасин, амалда қонун ижроси таъминланмаётгани – факт. Бирорта ҳолатда низомнинг 31-банди ижроси бажарилаётгани йўқ.
Kun.uz'га маълум бўлишича, бундай кейс Олий cудда кўриб чиқилган. Олий суд ахборотномаси (2023 йил 1-сон, 22-бет)да ёзилишича, Самарқанд вилоят ИИБ ЙҲХБнинг 2022 йил 16 июндаги жарима солиш тўғрисидаги қарори судларда муҳокама қилинган.
Жиноят ишлари бўйича Чирчиқ шаҳар суди қарори билан фуқарога ИИББ ЙҲХБ томонидан чиқарилган қарор ўзгаришсиз қолдирилган.
Тошкент вилоят суди жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати апелляция инстанцияси суд қарорини ўзгаришсиз қолдирган.
Суд қарорига кўра, ҳуқуқбузар (ҳайдовчи) “Тошкент – Термиз” автомобил йўлида белгиланган 70 км/соат тезлик чегараланган жойда 82 км/соат тезликда ҳаракатланган.
Ҳайдовчининг тезлиги “Multiradar CD” (автомобилга ўрнатилган радар – таҳр.) воситаси орқали аниқланган бўлиб, бу восита мобил комплекс ҳисобланади.
Шу сабабли ушбу восита орқали қоидабузарликни Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 975-сонли қарори билан тасдиқланган Низомда кўрсатилган “Кўчма фоторадар ва мобиль комплекслардан фойдаланганда, ЙПХ ходими мосламанинг кўрсаткичлари билан ҳаракат тезлигини ошириб, қоидаларни бузган ҳайдовчини таништириши, унинг талаби билан мосламанинг сертификати (нусхаси)ни кўрсатиши лозимлиги, шунингдек мазкур талабга риоя этилмаган ҳолда расмийлаштирилган баённомалар юридик кучга эга бўлмаслиги ва ҳуқуқий оқибатлар келтириб чиқармаслиги” ҳақидаги талаблар асосида амалга ошириши лозим.
Бироқ Самарқанд вилояти ИИББ ЙҲХБ инспектори томонидан ушбу талабларга риоя қилинмагани биринчи ва апелляция инстанцияси судларининг эътиборидан четда қолган. Натижада Олий суд кассация инстанциясининг 2022 йил 14 октябрдаги қарори билан Чирчиқ шаҳар суди ва Тошкент вилоят суди жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъатининг қарорлари бекор қилиниб, ҳайдовчига оид маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги иш МЖтКнинг 271-моддаси 1-бандига асосан тугатилган.
Маълумот учун, МЖтКнинг 271-моддаси 1-банди маъмурий ҳуқуқбузарлик ҳодисаси ёки аломати йўқ бўлганда маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисида иш юритишни бошлаш мумкин эмаслиги, бошланган иш эса тугатилиши лозимлигини англатади.
Бундан кўринадики, “учоёқ” ёки автомобил (одатда “Нексия-3”)га ўрнатилган радарлардан тезлик учун жарима олган фуқаро, агар ЙПХ ходими уни тўхтатмаган ва ҳаракат тезлиги кўрсаткичи билан таништирмаган бўлса, жаримани суд орқали бекор қилиш ҳуқуқига эга.
Бунда жиноят ишлари бўйича тегишли судга шикоят қилиш, ушбу мақолада ва Олий суднинг 2023 йилги 1-сон ахборотномаси 22-бетида кўрсатилган ҳолатни аризада эслатиб ўтиш мумкин.
Энг аввало, қоидаларни бузманг, тезликни оширманг, ўзингиз ва ўзгалар ҳаётига бефарқ бўлманг!
Руслан Сабуров,
Kun.uz
Мавзуга оид
15:10 / 13.12.2024
Онкологик касалликлар давоси ҳақида реклама жойлаштирган МЧЖ жаримага тортилди
17:49 / 06.12.2024
Олий суд: 10 ойда 4 934 киши суд залида қамоқдан озод қилинди
14:47 / 04.12.2024
Германияда мактабга кечиккан ўқувчиларга жарима солиш бошланди
12:29 / 30.11.2024