Давлат раҳбари Янги Тошкент қурилишини жадаллаштириш масалалари юзасидан инвестор ва тадбиркорлар билан очиқ мулоқот ўтказмоқда.
Президент сўнгги ойда улар билан бўлиб ўтган учрашувларда билдирилган таклифлар, ер ажратиш, рухсат олиш ва тўловлар билан боғлиқ муаммолар ўрганилганини таъкидлади.
Уч йил аввал бошланган лойиҳа доирасида давлат инфратузилма, стадион, университет ва кутубхона каби муҳим объектларга йирик маблағ йўналтирмоқда. Ҳозирга қадар Янги Тошкентга 2 миллиард доллардан ортиқ инвестиция киритилган.
Айни пайтда минг гектардан зиёд майдонда, асосан, давлат маблағлари ҳисобидан қурилиш ишлари олиб борилмоқда. Тадбиркорларга ажратилган ер эса бор-йўғи 94 гектарни ташкил этади.
Янги Тошкентнинг биринчи босқичида 6 минг гектар майдонда 50 миллиард долларлик лойиҳаларни амалга ошириш кўзда тутилган.
Янги аэропортни ҳам ҳисобга олганда, ҳудуднинг инвестиция салоҳиятини 200 миллиард долларгача етказиш мумкинлиги қайд этилди. Бу рақам ҳозиргача жалб қилинган маблағни эмас, келгусидаги инвестиция имкониятларини ифодалайди.














