2026 йил 1 ноябрдан бошлаб Ўзбекистон фуқароларининг Мисрга кириши бўйича янги тартиб амал қилади. Бу ҳақда Ўзбекистоннинг Қоҳирадаги элчихонаси маълум қилди.
Виза олдиндан олинади
Ўзбекистон фуқаролари Мисрга сафардан олдин кириш визасини Мисрнинг дипломатик ваколатхоналари орқали расмийлаштириши керак бўлади.
Туристик сафарлар
Туристик сафарлар ваколатли туроператорлар орқали ташкил этилади.
40 ёшгача бўлган сайёҳлар
40 ёшгача бўлган фуқаролар Мисрга фақат яқин оила аъзолари — ота-онаси, турмуш ўртоғи ёки фарзандлари ҳамроҳлигида бориши мумкин. Бунда оила тасарруфида сафар давомида камида 5000 АҚШ доллари нақд маблағ бўлиши талаб этилади.
40 ёшдан ошганлар
40 ёшдан юқори мустақил саёҳат қилувчилар камида 3000 АҚШ доллари нақд маблағга эга бўлиши лозим.
Мисрга киришда талаб қилинадиган ҳужжатлар:
меҳмонхона банд қилинганини тасдиқловчи ҳужжат;
мобил алоқа маълумотлари;
етарли молиявий таъминот тасдиғи.
Туристик визани ўзгартириш мумкин эмас
Мисрда бўлиш давомида туристик визани бошқа турдаги визага алмаштириш бўйича мурожаатлар қабул қилинмайди.
Талабларга риоя қилинмаса, сайёҳ Мисрга киритилмаслиги ва уни олиб келган авиакомпания орқали қайтарилиши мумкин.
Элчихона фуқаролардан Мисрга сафарларни режалаштиришда ушбу талабларни инобатга олишни сўради.















