Президент Янги Тошкентда янги лойиҳалар қурилишига старт берди
Шавкат Мирзиёев Янги Тошкентда бунёд этилган иншоотларни ишга тушириш ва янги лойиҳалар қурилишига старт бериш маросимида иштирок этди.
Қайд этилишича, барпо этилаётган Янги Тошкентда биринчи босқичнинг ўзида 50 миллиард долларлик лойиҳаларни амалга ошириш кўзда тутилган. Шаҳарда 2 минг гектар яшил майдон ва 500 гектар истироҳат боғлари ташкил этилади. «Яшил қурилиш стандартлари» асосида 150 миллион квадрат метр турар ва нотурар жой майдонлари барпо қилинади.
Бугунги маросимда умумий қиймати 1 миллиард доллар бўлган еттита объект ишга туширилди. Булар «Шарқ баҳори» турар жой мажмуасининг биринчи босқичи, йўл ва инфратузилма объектлари, «Янги Тошкент» 1-сон нимстанцияси, тригенерация станцияси, Савдо-саноат палатаси биноси, «Соҳил боғи» истироҳат боғи ҳамда 2 минг ўринли умумтаълим мактабидир.
Термизда онасининг машинасини бошқарган ўсмир аянчли «авария»га учради
Сурхондарё вилояти, Термиз туманида мактаб ўқувчиси машина бошқариб, мудҳиш йўл-транспорт ҳодисасига учради.
Ҳодиса 9 октябр куни тунда содир бўлган. 16 ёшли ўсмир онасига тегишли Cobalt машинасини Термиз тумани ҳудудида катта тезликда бошқариб, йўл ўртасидаги ёритиш чироғи устунига урилган. Машинада унинг синфдош дўсти ҳам бўлган, у оғир жароҳатланиб, ҳодиса жойида ҳалок бўлган.
Машинани бошқарган ўсмир шифохона жонлантириш бўлимига ётқизилган. Ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилган.
Янги Тошкент ҳудудлари вилоятларга тақсимлаб берилади
Янги Тошкентдан пойтахтнинг ҳар бир туманига 100 гектардан ҳудуд бириктирилди. Туман ҳокимлари ўз тадбиркорлари билан ишлаб, ушбу майдонларга янги лойиҳаларни жалб қилиши керак.
Худди шундай имконият мамлакатнинг қолган 13 та ҳудудига ҳам берилади. Бу майдонларда амалга оширилган инвестициялар тегишли ҳудуд ёки пойтахт туманининг кўрсаткичларида ҳисобга олинади.
Бириктирилган майдонлардаги ер участкалари бўйича биринчи аукцион фақат ўша ҳудуд ёки туман тадбиркорлари учун ўтказилади.
Шу билан бирга, Ўзбекистоннинг хориждаги дипломатик ваколатхоналарига чет эл инвесторларини Янги Тошкентдаги имкониятлар билан кенгроқ таништириш вазифаси топширилди.
Тошкентда давлат ўрмон фондига кирмайдиган дарахтлар хатловдан ўтказилади
Тошкент шаҳрида давлат ўрмон фондига кирмайдиган дарахтлар ва буталар хатловдан ўтказилади. Пойтахт ҳокимининг қарорида белгиланишича, хатловда касалланган, зарарланган, қуриган, инсон ҳаёти ва соғлиғи, юридик ва жисмоний шахсларнинг мол-мулки хавфсизлигига таҳдид солаётган дарахтлар сони, тури, ҳолати, ёши, географик жойлашуви ва бошқа параметрлари ҳисобга олинади.
Хатлов ўтказиш ва уларнинг реестрини шакллантириш бўйича шаҳар ишчи гуруҳи тузилади.
Хатлов давомида давлат ўрмон фондига кирмайдиган, табиий омиллар ва зараркунандалар таъсирида касалланган, зарарланган, қуриган, инсоннинг ҳаёти ва соғлиғи, юридик ва жисмоний шахсларнинг мол-мулки хавфсизлигига таҳдид солаётган дарахтлар аниқланганда улар белгиланган тартибда рухсатнома олинган ҳолда кесилади.
Вазирликларни Янги Тошкентга кўчириш бошланади
Президент Янги Тошкентда ишбилармонлик ҳаётини шакллантиришда давлат идораларининг кўчиши муҳим ўрин тутишини таъкидлади.
Ҳозир Қурилиш, Транспорт ва Энергетика вазирликлари янги шаҳарда енгил конструкцияли биноларда ишламоқда. Вазирлик ва идораларнинг 2,6 минг нафар ходими учун яна тўққизта бино қуриляпти.
Қолган вазирлик ва давлат ташкилотларининг кўчишини бошлаш вазифаси бош вазирга юклатилди.
Йил охиригача Янги Тошкентда 20 минг хонадонни фойдаланишга топшириш режалаштирилган. Бу камида 70 минг киши учун яшаш муҳитини яратади.
Президент аҳолига уйлар билан бир вақтда дам олиш, спорт, савдо, таълим ва тиббиёт хизматлари ҳам зарур бўлишини қайд этди.













