Ўзбекистон Хитой билан ЖСТга аъзо бўлиш бўйича музокараларни якунлади
«22 та мамлакат билан музокаралар тугади, кўп қолмади!» дея ёзди президентнинг Жаҳон савдо ташкилоти бўйича махсус вакили Азизбек Урунов. Аввалроқ АҚШ билан ҳам келишувга эришилганди.
Президентнинг ЖСТ бўйича махсус вакили Азизбек Уруновнинг маълум қилишича, ташкилотга аъзо бўлиш бўйича Хитой билан икки томонлама музокаралар ижобий якунланган.
«Пекин шаҳрига жуда қисқа, бироқ самарали ташриф бўлди. Хитой Халқ Республикаси билан икки томонлама музокаралар нихоясига етди. Фурсатдан фойдаланиб ХХР Тижорат вазирлиги, вазир ўринбосари Ли Фей, департамент директори Ли Дефенг жаноблари ва бутун жамоага конструктив мулоқот учун чуқур миннатдорчилик билдирамиз.
Йил якуни Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилотига аъзолиги бўйича жуда мазмунли бўлмоқда. Иккита энг йирик глобал савдо эгалари - Америка ва Хитой билан музокаралар якунланди. 22 та мамлакат билан музокаралар тугади, кўп қолмади!» дея ёзди Урунов ўзининг LinkedIn’даги саҳифасида.
Аввалроқ, АҚШ Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлишини қўллаб-қувватлагани хабар қилинганди.
Ўзбекистоннинг ЖСТга аъзо бўлиш сари қадамлари
Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш жараёни 2005 йилда тўхтаб қолган, 2020 йил июл ойига келиб жараён ишчи гуруҳнинг 4-учрашуви билан расман қайта бошланган эди. Ундан кейин 2022 йил июн, 2023 йил март ва 2023 йил ноябр ойларида, шунингдек, 2024 йил май ойида ишчи гуруҳ йиғилишлари бўлиб ўтди. Шу билан жами Ўзбекистон ташкилотга аъзо бўлиш бўйича 8 та йиғилиш ўтказди.
Май ойидаги йиғилишда Ўзбекистон илк бор ташкилотга аъзо бўлиш муддати борасидаги мақсадини эълон қилди. 2026 йил Ўзбекистон Жаҳон савдо ташкилотининг 2026 йил Камерунда бўлиб ўтадиган вазирлар конференциясига қадар ушбу ташкилотга аъзо бўлиб киришни режалаштирмоқда.
Мавзуга оид
22:29
АҚШ Хитойдаги чип ишлаб чиқарувчиларига қарши янги чекловларни жорий этади
17:33
Хитой янги космодромдан янги ракета учирди: миссия қандай ўтди?
16:24
Ўзбекистон ЖСТ аъзолиги бўйича Филиппин билан музокараларни якунлади
13:40