Ўзбекистон | 21:56 / 01.03.2023
28690
2 дақиқада ўқилади

Собиқ МХХ биноси ўрнида 22 қаватли меҳмонхона қурилади

Тошкент марказидаги Сайилгоҳ кўчасида, собиқ Миллий хавфсизлик хизматининг биноси ўрнида 22 қаватли Radisson меҳмонхонаси қурилиши бўйича келишув имзоланди. Аввалроқ пойтахтда янги қурилишларни бошлашга мораторий эълон қилиниши айтилганди.

Фото: hoteliers.uz

Radisson меҳмонхоналар гуруҳи “Metropol Group” МЧЖ билан Тошкентда премиум-классдаги янги меҳмонхона очиш бўйича келишув имзолади. Бу ҳақда Ўзбекистон меҳмонхоналар ассоциацияси маълум қилди.

Radisson Collection Hotel номли янги отел шаҳар марказида, Сайилгоҳ кўчасидаги (халқ тилида “Бродвеи”) собиқ Миллий хавфсизлик хизматининг бош биноси ўрнида жойлашади.

Бу ерда қурилажак меҳмонхона комплекси яхлит меъморий услубга эга 4 та бинодан иборат бўлиши, асосий ва энг баланд бино 22 қават бўлиб, унда 27 минг кв.м. майдонга эга Radisson Collection Hotel жойлашиши кутилмоқда. Премиум тоифадаги отел мижозларга 164 та хона, хусусан президент люкс хоналарини таклиф этади.

Мажмуа ҳудуди жамоат жойи, савдо зоналари, кинотеатр, офислар, апартаментлар ва кўп қаватли ерости автотураргоҳни ўз ичига олади.

Фото: Давактив

Эслатиб ўтамиз, “Metropol Group” собиқ МХХ биносини 2021 йил июлида 210 млрд сўм эвазига хусусийлаштириб олганди. Бу компаниянинг 100 фоизи улуши ўша вақтда ҳам, ҳозирда ҳам собиқ ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комиловнинг ўғли Дониёр Комиловга тегишли экани кўрсатилган.

Маълумот учун, ўтган ойда президент Шавкат Мирзиёев Тошкент шаҳрида янги қурилишларга вақтинча мораторий киритилишини маълум қилган эди.

Мавзуга оид