2025 йил I ярим йиллигида Ўзбекистонда уй-жойларнинг фундаментал қиймати ва бозор нархи орасидаги тафовут 17 фоиздан 4 фоизгача пасайди.

Марказий банк ҳисоботига кўра, кўчмас мулк бозорида таклифнинг сезиларли ортгани ва спекулятив талабнинг камайгани уй-жойларнинг бозор нархи пасайишига таъсир кўрсатган.

Шунингдек, реал нарх ва бозор нархи орасидаги тафовут қисқаришига – уй-жойларнинг фундаментал нархи ошиши ҳам ҳисса қўшган.

2025 йил 2-чорагида қайд этилган 4 фоизлик фарқ – 2022 йил 1-чорагидан кейинги давр учун минимум кўрсаткич ҳисобланади.

Уй-жой нархларида тўғриланиш кузатилмоқда

Марказий банк ҳисоботида келтирилган Миллий статистика қўмитаси маълумотларига кўра, 2025 йил I ярим йиллиги якунига кўра, уй-жойларнинг бозор нархи 2024 йилнинг мос даврига нисбатан миллий валютада 4,9 фоизга, хорижий валютада 6,2 фоизга пасайган.

Айни шу даврда таклиф ҳажми ошган: 2025 йилнинг I ярим йиллигида амалга оширилган қурилиш ҳажми 2024 йилнинг мос даврига нисбатан 72 фоизга кўпайиб, 137,6 тлрн сўмни ташкил этган. Қурилиш ҳажмининг ЯИМдаги улуши 17 фоизгача кўтарилган. Шунингдек, 2025 йил 1 июл ҳолатига қурилиш-монтаж ишлари нархларининг йиллик ўсиш суръати 6,3 фоизгача тезлашган.

Аҳолининг уй-жой харид қилиш қобилияти пасайишдан тўхтади

Ипотека ажратишда кредит муддатининг узайиши ва фоиз ставканинг пасайиши билан бир қаторда, аҳоли даромадининг ортиши аҳолининг ипотека кредити асосида уй-жой харид қилиш қобилияти тикланишига сабаб бўлган.

2025 йилнинг дастлабки ярим йиллигида аҳолининг уй-жой харид қилиш қобилияти индекси 121 фоизгача кўтарилган.

Шунингдек, 2024 йилда кўчмас мулк бозорида уй-жойлар сони 1 фоизга ошиб, 7,6 млн донага етган.