Ҳужжатга мувофиқ, уч ой муддатда амалдаги қонунчиликка тегишли ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш бўйича таклифлар ишлаб чиқилиши белгиланган. Улар орасида биометрик паспорт, ID-карта ва яшаш гувоҳномасини йўқотиш ҳолатларида маъмурий жавобгарликни қайта кўриб чиқиш масаласи ҳам бор.

Қарорда таъкидланишича, таклифлар фуқароларнинг ҳужжатларини қайта расмийлаштириш тартибини соддалаштириш ва давлат хизматларини янада қулайлаштиришга қаратилган.

Шунингдек, ҳужжатда давлат хизматларини рақамлаштириш, ID-карта ва бошқа шахсни тасдиқловчи ҳужжатлардаги маълумотлар ўзгарганда уларни автоматик янгилаш, Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали янги хизматларни жорий этиш каби чора-тадбирлар ҳам белгиланган.

Бундан ташқари, қарор доирасида кўчмас мулкни давлат рўйхатидан ўтказиш, нотариал хизматлар, электрон давлат хизматлари ва реклама соҳасидаги ҳуқуқий тартиб-таомилларни такомиллаштиришга қаратилган қатор янгиликларни амалга ошириш режалаштирилган.