Фарғона вилояти Қува туманида ички ишлар ходимлари уч ака-ука юритадиган ошхонада кабоб еб, пулини тўламай келган. Қарздорлик кўпайиб кетгач, ўз ҳақини талаб қилган тадбиркорга ходимлар томонидан босим бошланган. Ҳатто тўнғич ака Аброр Содиқов “ички ишлар ходимларининг қонуний талабига бўйсунмагани” айби билан маъмурий қамоққа тиқилган. “Ходимлар формада келиб, ароқ ичиб, оёқда тура олмасдан йиқилгудек бўлиб чиқиб кетишади”, дейди тадбиркор.
Тадбиркор Аҳмадали Юнусовнинг айтишича, ҳаммаси Қува тумани ИИБ бошлиғи ўринбосари Бахтиёр Ҳамробоевнинг ўқитувчи ва мураббийлар куни байрамига 3 та “коробка” қилиб берасан, деган топшириғи бажарилмаганидан кейин бошланган.
“Қува тумани Ифтихор маҳалласида жойлашган “Улфатлар” номли ошхонани юритаман. Шу пайтгача ички ишлар ходимлари ошхонамизга келиб, еб-ичиб пулини бермай кетар эди. Акам Москвадан келиб, қарз дафтарни кўрди ва “Насия кўпайиб кетибди, бировга насия қилма, қарзларни тезроқ йиғ”, деб қатъий тайинлади. Аввало Қува туман ИИБ бошлиғига қўнғироқ қилдим. “Бераман, бераман, оласан”, деб ваъда берди. Ундан кейин бошқа ички ишлар тизимидаги қарзи борларга бирма-бир қўнғироқ қилиб чиқдим. Натижа бўлмагач, иложсизликдан 1102 ишонч телефонига алоқага чиқиб, бор гапни айтдим. Шундан кейин айрим ходимлар қарзини бериб кетишди, айримлари эса йўқ. Кейин эса бизга қарши ишлашни бошлашди. Акамга “статя” қўйиб, 5 суткага қамашди.
Ички ишлар билан низо бошланишига сабаб Қува туман ИИБ ходими Бахтиёр Ҳамробоевнинг “Устоз ва мураббийлар кунига “каробка” қилиб беринг”, деган топшириғини бажармаганим бўлди. Нархини билсам ҳар бир “каробка” 1 млн сўм экан. 3 млн сўмлик топшириқ оғирлик қилди тўғриси.
Топшириқ бажарилмаганидан кейин бизга қарши ҳар хил режалар тузишди, амалиётлар олиб боришди. Ошхонамни ҳар хил баҳоналар билан беркитмоқчи бўлишди. Қувада бошқа ошхоналар ишлаб турса, нега айнан менинг ошхонам соат 22:00 да беркилиши керак? Ҳайрон қоласан киши.
Ходимлар таҳдидлар қилиб, “кўчада юришингни ўйла, ошхона очишингни ўйла, тадбиркорлик қилишингни ўйла”га тушишди. Президент “тадбиркорларни қўллаб-қувватла”, “тадбиркорга тегма”, деяптику.
Одатда ИИБ ходимлари 200 минг сўм “счёт” бўлса, 100 минг сўм, 100 минг сўм “счёт” бўлса, 50 минг сўм беради. Бермай чиқиб кетгани ҳам бўлади. Шунда ҳам рози бўламан. Нега? Раҳматли отам ана шу тизимда ишлаган, шу тизимнинг нонини еб, бизни вояга етказган. Тизимнинг, отамнинг ҳурматидан ходимларнинг кўнглини олишга ҳаракат қилдим. Лекин улар ҳаддидан ошиб кетишди. Тизим менга қарши ишлашни бошлади. Ходимларни формада келиб ароқ ичиб, оёқда тура олмай йиқилгидек бўлиб чиқиб кетишларининг кўп гувоҳи бўлганман. Лекин бирор марта сотмадим. Акамни қаматгандан кейин кўзим очилди. Ҳалол ишлаб топган ҳаққимни сўраганимдан кейин балога қолдим”, дейди тадбиркор Аҳмадали Юнусов.










