Ўзбекистон | 14:46 / 09.07.2024
39453
6 дақиқада ўқилади

200 kWh'гача бўлган меъёрни оширишга асос йўқ — Энергетика вазирлиги

Энергетика тизими ташкилотлари ижтимоий тармоқларда муҳокама қилинаётган 200 kWh ойлик базавий меъёр юзасидан баёнот берди. Маълум қилинишича, июн ойида аҳолининг 71 фоизи 200 kWh'дан кам электр энергияси истеъмол қилган.

Фото: Ҳудудий электр тармоқлари

Ижтимоий тармоқларда аҳоли учун 2024 йил 1 майдан жорий қилинган электр энергияси истеъмолининг 200 kWh миқдоридаги ойлик базавий меъёри кенг муҳокамаларга сабаб бўляпти.

Муҳокамалар юзасидан энергетика тизими ташкилотлари биргаликда баёнот билан чиқди.

Унда Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 16 апрелдаги қарори билан жорий йил 1 майдан маиший истеъмолчиларга электр энергияси учун бир ойлик истеъмолнинг базавий меъёрлари тасдиқлангани эслатилади.

«Бундан асосий мақсад истеъмолчиларда электр энергияси истеъмоли самарадорлигини ошириш, давлат томонидан аҳолининг харажатини қоплашга ажратилаётган маблағларни тўғри ва манзилли тақсимлаш ҳамда ёқилғи-энергетика ресурслари билан ишончли тарзда таъминлаш ҳисобланади», – дейилади баёнот аввалида.

Таҳлилларга кўра 2024 йилда республика аҳолиси томонидан жами 21,2 млрд kWh электр энергияси истеъмол қилиниши режалаштирилгани, шундан йил давомида ўртача ойлик истеъмоли 200 kWh'гача бўлган истеъмолчилар жами абонентларнинг 60 фоизини ташкил этиши таъкидланган.

«Юқоридагилардан келиб чиқиб ҳамда электр энергияси истеъмоли йил давомида кескин ўзгармаслигини инобатга олиб, йил давомида бир хил базавий меъёр жорий қилинган.

Биринчидан, ҳозирги вақтда 1 kWh  электр энергиясининг таннархи 895 сўмни (ҚҚС билан 1 002 сўмни) ташкил этади.

Аҳолига етказиб берилаётган ҳар бир kWh  электр энергия учун базавий меъёр доирасида 552,4 сўм, 201 kWh'дан 1000 kW/h’гача эса 102,1 сўм давлат томонидан ҳар бир истеъмолчига қоплаб берилмоқда.

1 kWh электр энергияси ишлаб чиқариш харажатлари 741,93 сўмни, транспортировка харажати 57,8 сўмни, тақсимлаш ва сотиш харажатлари 202,4 сўмни ташкил этади.

Бунда, давлат 200 kWh’гача электр энергияси истеъмол қилган аҳоли (истеъмолчиларнинг 71 фоизи) учун 447,0 млрд сўм, 201-1 000 kWh'гача электр энергияси истеъмол учун 30,2 млрд сўм қоплаб бермоқда.

Иккинчидан, базавий меъёр бу электр энергиясининг бир ойда 200 kWh'гача бўлган истеъмол ҳажми ҳисобланиб, ушбу истеъмол доирасида барча маиший истеъмолчилар ҳар бир 200 kWh'учун “имтиёзли” нархда яъни 450 сўм (ҚҚС билан)дан ҳақ тўлайдилар», – дея таъкидаган тизим ташкилотлари.

Баёнотда келтирилишича, жорий йил июн ойида 71 фоиз аҳоли 200 kWh'гача электр энергияси истеъмол қилгани аниқланган. 

«Бундан кўринадики, истеъмолчиларнинг 71 фоизи белгиланган лимит доирасидан чиқмаган. Шу боис, яқин истиқболда истеъмолчиларга қўлланилаётган ойлик 200 kWh'гача бўлган базавий меъёр миқдори оширилишига асос мавжуд эмас», – дейилади хабарда.  

Бундан ташқари, 22 фоиз истеъмолчи 201 kWh'дан 1000 kWh’гача истеъмол қилган ва 900 сўмдан ҳақ тўлаган. Бунда электр энергияси истеъмоли 201 kWh'дан 300 kWh'гача бўлган истеъмолчилар салмоғи 11 фоизни ташкил этган.

Масъул идораларининг изоҳ беришича, 300 kWh'гача электр энергияси истеъмол қилганлар тўлиқ 900 сўмдан ҳақ тўламайди. Бунда 200 kWh'гача 450 сўмдан, қолган 100 kWh'га 900 сўмдан тўлайди. Яъни, 300 kWh электр истеъмол қилганларга нисбатан ҳам нархлар кескин ошмаган (базавий меъёрдан ортиқча 100 kWh истеъмол учун 45 000 сўм (100*450) қўшимча тўлаган). Бунда ушбу 900 сўмлик таъриф ҳам электр энергиясининг таннархидан кам.

«Қолган 7 фоиз аҳоли 1001 – 10 000 kWh электр энергияси истеъмол қилиб, 1 350 сўмдан тўловларни амалга оширган.

Бундай хонадонлар субсидияга муҳтож бўлмаган, бирламчи эҳтиёжлардан ташқари қўшимча қулайликларга эга шахслар, хусусан, электромобил(лар)и, ҳовлисида бассейн, фонтан, кўплаб ёриткич жиҳозлари ёки қимматбаҳо бошқа электрон маиший қурилмалари мавжуд хонадонлар ҳисобланади», – дея қўшимча қилинган хабарда.

Ваколатли идоралар 1 000 kWh электр энергияси истеъмол қилган 1 та хонадон тежамкор ва энергия самарадор 10 та истеъмолчи, 10 000 kWh электр энергияси истеъмол қилган 1 та хонадон эса тежамкор 100 та истеъмолчи истеъмолига тўғри келувчи истеъмолни амалга ошириши маълум бўлганини таъкидламоқда.  

Шунингдек, республика бўйича жами 1,1 млрд kWh электр энергияси истеъмол қилинган. Шундан истеъмолчиларнинг 71 фоизи 200 kWh'гача электр энергияси истеъмол қилган ва улар жами истеъмолнинг 40 фоизини ташкил этади. 

Яна 11 фоиз истеъмолчи 201 – 300 kWh'гача электр энергияси истеъмол қилган ва улар жами истеъмолнинг 19 фоизини ташкил қилади, 301 – 500 kWh'гача истеъмолчилар жами истеъмолнинг 20 фоизини истеъмол қилган. 

«Шуни айтиш керакки, ошиб борувчи тарифлар қўлланилиши натижасида истеъмолчиларнинг электр энергияси тежамкорлиги ошди. Бунинг натижасида тизимга юкламалар камайиб, аҳолининг электр энергиясидан узилишлари ва авариялар сони ҳам камайиб бормоқда», – дейилади хабарда.

  • Маълумот учун, сўнгги кунларда ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари орасида электр токи учун белгиланган базавий меъёрни бекор қилишга қаратилган ҳештеглар оммалашаётганди.                      
  • Аввалроқ, эелектр энергияси учун тўловларда ҳисобга икки баробар пул ҳисобланаётгани билан боғлиқ ҳолатлар кузатилди. Ҳудудий электр тармоқлари буни техник носозлик эканини маълум қилганди.

Мавзуга оид