Китоб ўқимайдиган жамият, ваксинадан қўрқаётган ота-оналар, инсоннинг ўзини ўрганаётган сунъий интеллект ва ҳамон эски стандартлардан қутула олмаётган йўллар. «Нима дард?» подкастининг дастлабки тўрт сонида турли мавзулар кўтарилди. Бу сафар эса меҳмон йўқ: Жамшид Муслимов ва Одилхон Алихонов ўзаро суҳбатда аввалги кўрсатувларга қайтиб, улардан қандай хулосалар чиқаргани, томошабинлар эътирозлари ва подкаст нега айнан шу форматда яратилгани ҳақида гаплашди.

«Нима дард?»нинг бешинчи сони одатдагидан бошқача бошланди. Бу сафар студияга мутахассис таклиф қилинмади. Бошловчилар Жамшид Муслимов ва Одилхон Алихоновнинг ўзи суҳбатдошга айланди.

Бунга сабаб ҳам бор. Дастлабки сонлардан кейин томошабинлардан «журналист эмаслигингиз билиниб қолди», «адабий тилда гапиринглар», «русча сўзларни аралаштирманглар» мазмунидаги эътирозлар келиб тушган.

Бошловчилар эса журналист эканига ҳеч қачон даъво қилмаганини айтади. Одилхон Алихонов шифокор, Жамшид Муслимов эса молия ва иқтисодиёт соҳаси вакили. Уларнинг айтишича, подкастнинг вазифаси профессионал журналистик интервюни такрорлаш эмас.

Мақсад — жамиятдаги муаммоларни ўзининг шахсий дардидек қабул қиладиган зиёли ва мутахассисларни топиш, уларнинг фикрини эшитиш, муаммони муҳокама қилиш ва имкон қадар ечим томон қараш.

Нега ўзбекча илмий китобга талаб кам?

Бошловчилар биринчи суҳбат — «Фаренгейт» нашриёти муҳаррири Хуршид Йўлдошев билан китоб ва китобхонлик ҳақидаги мулоқотга қайтди.

Ундаги бир воқеа Жамшид Муслимовнинг айниқса ёдида қолган. Китоб ярмаркасида бир бола ўзбек тилига таржима қилинган илмий-оммабоп физика китобини ёқтириб қолади. Аммо отаси унинг ўрнига арзонроқ эртак китобини олиб беради. Худди шу китобнинг рус тилидаги, ҳатто қимматроқ нусхаларини эса русийзабон ота-оналар харид қилаётгани айтилган эди.

Бу оддий китоб савдосидан каттароқ саволни туғдиради: нега ўзбек тилидаги сифатли илмий-оммабоп адабиётга талаб кутилган даражада эмас?

Суҳбатда бунинг илдизлари таълим, ўқиш маданияти ва авлодлардан авлодларга ўтиб келаётган қарашларга бориб тақалиши мумкинлиги ҳақида фикр билдирилди. Бошловчилар бу баҳсли мулоҳаза эканини алоҳида таъкидлаб, томошабинларни ҳам муҳокамага чақирди.