Шавкат Мирзиёев ва Владимир Путин Ўзбекистонда интеграциялашган атом электр станциясининг биринчи энергия блокини қуриш жараёнига расман старт берди. 2026-2027 ўқув йили учун давлат олий ва касбий таълим муассасаларига қабул жараёни бошланди. 1 сентябрдан қурилиш соҳасидаги бир қатор давлат хизматлари бирлаштирилиб, ягона давлат хизмати — архитектура ва шаҳарсозлик талабини бериш тизими жорий этилади. Ўзбекистоннинг тўртта вилоятида Жанубий Кореяга ишга юбориш эвазига фуқароларнинг пул маблағларини фирибгарлик йўли билан қўлга киритган шахслар ушланди. Куннинг муҳим янгиликлари билан таништирамиз.

Биринчи АЭС энергия блоки қурилишига старт берилди

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ва Россия президенти Владимир Путин мамлакатда интеграциялашган атом электр станциясининг биринчи энергия блокини қуриш жараёнига расман старт берди.

Санкт-Петербург шаҳрида бўлиб ўтган маросимда телекўприк орқали Халқаро атом энергияси агентлиги бош директори Рафаэл Гросси ҳам иштирок этди.

Биринчи АЭС Жиззах вилоятида қурилмоқда. Қайд этилишича, атом электр станцияси қурилиши Ўзбекистоннинг технологик, саноат ва илмий тараққиётида янги босқични бошлаб беради. Лойиҳа мамлакатда атом энергетикаси соҳасини шакллантириш ва ривожлантириш учун мустаҳкам асос яратади. Лойиҳа кичик модулли атом генерацияси ҳамда йирик ҳажмли энергетика соҳасидаги замонавий технологияларни ўзида мужассам этгани таъкидланди.

Абитуриентлар қабули бошланди

2026-2027 ўқув йили учун давлат олий ва касбий таълим муассасаларига қабул жараёни бошланди. Абитуриентлар 25 июнга қадар тест синовларида иштирок этиш учун онлайн рўйхатдан ўтиши мумкин.

Бакалавриатига қабул жараёни икки босқичда — «аввал тест, сўнг танлов» тамойили асосида амалга оширилади. Биринчи босқичда абитуриентлар 5 июндан 25 июнгача Билимни баҳолаш агентлигининг расмий сайти орқали онлайн рўйхатдан ўтади. Рўйхатдан ўтиш жараёнида фанлар мажмуаси, таълим тили ва тест топшириш ҳудуди танланади.

Тест натижалари имтиҳон топширилган куннинг эртасига эълон қилинади. Талабаликка тавсия этилганлар рўйхати эса қабул жараёнининг иккинчи босқичи тугалланганидан кейин бир ҳафта ичида маълум қилинади.