Президент Хоразмда аэропорт ва темирйўл бекатини боғлайдиган Ўзбекистондаги биринчи лойиҳа билан танишди. Муддатли тўлов 12 ойдан ошмайдиган бўлади. Лифтга ҳар ой техник хизмат кўрсатилиши белгиланди. Автобусда йўлкира тўламаганлик учун жарима 10 баравар оширилиши мумкин. Виза ва иш ваъдаси билан пул олган шахслар қўлга тушди. Куннинг муҳим янгиликлари билан таништирамиз.

Президент аэропорт ва темирйўл бекатини боғлайдиган Ўзбекистондаги биринчи лойиҳа билан танишди

Шавкат Мирзиёев Хоразм вилоятига ташрифи давомида Урганч халқаро аэропорти ва Хива темирйўл бекатини боғлайдиган янги темирйўл линияси билан танишди.

Қиймати 225 миллиард сўм бўлган лойиҳа доирасида Урганч халқаро аэропорти ва темирйўл вокзалини боғловчи 11 километрлик янги темирйўл линияси қурилди. Унда бир бекат, кўприк, автомобил йўллари билан кесишмалар ва 25 та сув ўтказиш иншооти барпо этилди.

Янги йўналиш орқали йилига қарийб 650 минг нафар маҳаллий ва хорижлик сайёҳни ташиш имконияти яратилди. Хива ва Урганч ўртасидаги қатнов вақти икки баробар қисқариб, 80 дақиқадан 40 дақиқага тушади. 30 га яқин янги иш ўрни ташкил этилди.

Аэропорт ва темирйўлни бевосита боғлайдиган бундай лойиҳа мамлакатда биринчи марта амалга оширилмоқда. Урганч халқаро аэропорти – Хива йўналишида Хитойда ишлаб чиқарилган CR200J электропоезди қатнови йўлга қўйилмоқда. Давлат раҳбари янги электропоездда Хива шаҳрига борди.

Муддатли тўлов 12 ойдан ошмайдиган бўлади

Президентнинг «Аҳолига муддатли тўлов хизматлари кўрсатилишини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига кўра, бундай хизматларни кўрсатиш шартномаси бир қатор талабларга мувофиқ бўлиши лозим.

Хусусан, муддатли тўлов хизмати объектнинг қиймати базавий ҳисоблаш миқдорининг 250 бараваридан (103 миллион сўм) ошмаслиги белгиланди.

Шунингдек, шартномада муддатли тўлов хизмати операторининг комиссия (устама) тўловлари ҳамда товар, иш ёки хизматнинг якуний қийматига киритиладиган бошқа тўловлар алоҳида кўрсатилиши шарт.

Бундан ташқари, муддатли тўлов хизматини кўрсатиш шартномаси бўйича истеъмолчи мажбуриятининг энг кўп муддати шартнома тузилган кундан бошлаб 12 ой этиб белгиланди.

Лифтга ҳар ой техник хизмат кўрсатилади

Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирининг янги буйруғига асосан, кўп квартирали уйни бошқариш органи лифтларнинг бутун фойдаланиш муддати давомида авариясиз ва хавфсиз ишлашини таъминлаши кераклиги белгиланди. Техник хизмат кўрсатиш ва таъмирлаш учун лифт тўхтатиб қўйилган вақт бундан мустасно.

Лифтга ҳар ой техник хизмат кўрсатилиши ва йилига бир марта даврий техник кўрик ўтказилиши таъминланади. Авария, носозлик ёки бошқа хавфли ҳолатлар аниқланса, лифтга техник хизмат кўрсатувчи ташкилотга дарҳол хабар берилиши керак.

Лифт кабинасида ундан фойдаланиш қоидалари, лифтнинг номи ва юк кўтариш қобилияти, рухсат этилган йўловчилар сони кўрсатилган лавҳа бўлиши шарт. Шунингдек, унда «Хавфсиз лифт» электрон платформасидаги қайд рақами, даврий техник кўрикдан ўтгани ҳақида маълумот ҳамда техник хизмат кўрсатувчи ташкилот ёки авария хизмати билан боғланиш учун телефон рақами жойлаштирилади.

Автобусда йўлкира тўламаганлик учун жарима 10 баравар оширилиши мумкин

Автобусда бир неча бор йўлкира тўламай юрганга жарима миқдори 10 баравар оширилиши мумкин. Транспорт вазирлиги хабарига кўра, тегишли таклифлар ишлаб чиқилиб, Қонунчилик палатасига киритилган.

«Таклифлар шундан иборатки, биринчи маротаба йўл ҳақини тўламаганлар учун БҲМ 1/2 қисми, яъни бу 1 сентябрдан 220 минг сўм, такроран содир этилса, 1 баравари, яъни 440 минг сўмгача жарима жазоси белгиланмоқда», деди Тошкент шаҳар йўловчи ташишни мониторинг ва назорат қилиш давлат муассасаси директори Муҳаммаджон Қаҳҳоров «Ўзбекистон 24» телеканалига берган интервьюсида.

Унинг маълум қилишича, 2026 йилнинг ўтган етти ойи мобайнида 82 мингдан ортиқ йўловчи йўл ҳақини тўламагани аниқланган. Ушбу ҳуқуқбузарлардан 2 миллиард сўмдан ортиқ жарима пуллари ундирилган.

Амалдаги тартибга кўра, йўловчининг троллейбусда, трамвайда, шаҳар ичида ва шаҳар атрофига қатнайдиган автобусда чиптасиз юриши — БҲМ 1/10 қисми (бугунги кунда 41 200 сўм) миқдорида жарима солишга сабаб бўлиши белгиланган.

Виза ва иш ваъдаси билан пул олган шахслар қўлга тушди

Давлат хавфсизлик хизмати, Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ва ички ишлар органлари ходимлари ҳамкорлигида фуқароларни хорижга ишга жўнатиш билан боғлиқ бир нечта фирибгарлик ҳолатларига чек қўйилди.

Жумладан, Тошкент шаҳрида яшовчи, 1985 йилда туғилган, муқаддам судланган шахс ўз танишлари орқали Қашқадарё вилоятида истиқомат қилувчи 6 нафар фуқарони Словакияга ишга жўнатишни ваъда қилган. У бунинг эвазига жами 145 млн сўм талаб қилиб, олдиндан 85 млн сўм олаётган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.

Яна бир ҳолат Тошкент шаҳрида қайд этилган. Хорижий давлатларга виза олиш бўйича консалтинг хизматлари кўрсатувчи корхона раҳбари 2002 йилда туғилган пойтахтлик фуқаронинг ишончига кирган. У виза расмийлаштириш орқали фуқарони Германияга ишга жўнатишни ваъда қилиб, эвазига 4 минг АҚШ доллари олган вақтида қўлга тушган.

Шунга ўхшаш ҳолат Тошкент вилоятида ҳам аниқланган. Зангиота туманида яшовчи, 1993 йилда туғилган аёл Ангрен шаҳрида истиқомат қилувчи, 2000 йилда туғилган фуқарони Жанубий Кореяга ишлаш учун жўнатишни ваъда қилган. У виза расмийлаштириб бериш эвазига 5900 АҚШ доллари олган вақтида ушланган.

Ҳозирда барча ҳолатлар юзасидан гумонланувчиларга нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси — фирибгарлик билан жиноят ишлари қўзғатилган. Тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.