Президент Шавкат Мирзиёев Хоразм вилоятига ташрифи давомида янги «Урганч – Хива» пулли автомобил йўли билан танишди. Адлия вазирлиги қурувчи уйни харидорга муддатли тўловга сотиши мумкинлигини тушунтирди. Бош прокуратура Тошкентда ноқонуний қурилишларга қарши махсус ботни ишга туширди. Ўзбекистонда хусусийлаштириш натижалари қайта кўриб чиқилмаслиги белгиланди. Ҳайвонот боғида шер ва жайраларга тош отган эркак жазоланди. Куннинг муҳим янгиликлари билан таништирамиз.
Ўзбекистонда илк пулли йўл қурилди
Президент Шавкат Мирзиёев 18 август куни Хоразм вилоятига ташрифи давомида янги «Урганч – Хива» пулли автомобил йўли билан танишди.
Таъкидланишича, Урганч аэропорти ва Хива шаҳри ўртасидаги янги автомобил йўли аҳоли ва сайёҳлар учун хавфсиз, тезкор ва қулай ҳаракатланиш имкониятини яратишга қаратилган. Лойиҳа доирасида 35 километр автомобил йўли, ерости туннели, 8 та йўл ўтказгич, 15 та кўприк ва 106 та сув ўтказиш иншооти барпо этилди.
Мавжуд йўл орқали Урганчдан Хивага етиб боришга 45-50 дақиқа вақт сарфланса, янги тўрт тасмали магистралда бу вақт 15-17 дақиқагача қисқаради. Йўл суткасига 30 мингдан ортиқ транспорт воситасини ўтказиш қувватига эга. Транспорт оқими ва тўловларни бошқариш сунъий интеллектга асосланган рақамли тизимлар орқали амалга оширилади. Енгил ва юк автомобиллари, шунингдек, автобуслардан тўлов транспорт воситасини тўхтатмаган ҳолда электрон шаклда ундирилади. Тўлов қиймати ҳозирча эълон қилинмади.
Қурувчи уйни харидорга муддатли тўловга сотиши мумкин — Адлия вазирлиги
2027 йил 1 январдан бошлаб аҳолига товар ва хизматларни бўлиб тўлаш шарти билан сотиш тизимида янги қоидалар кучга киради. Шу ҳақдаги президент қарорида кўчмас мулк муддатли тўлов хизмати объекти бўлиши мумкин эмаслиги белгиланган эди.
Адлия вазирлигининг тушунтириш беришича, бу қоида муддатли тўлов операторларига тааллуқли. Яъни воситачи-оператор уйни «рассрочка»га олиб беролмайди. Аммо бу қурувчи ўзи қурган уйни харидорга бевосита бўлиб-бўлиб тўлаш шарти билан сотолмайди дегани эмас. Қарор қурувчи ва харидор ўртасидаги бевосита савдони тақиқламайди.
Қарор кучга киргач, операторлар махсус реестрга киритилади, Марказий банк назоратида ишлайди, уларнинг шартномалари, устама ва комиссияларига аниқ талаблар белгиланади.
Тошкентда ноқонуний қурилишларга қарши махсус бот очилди
Бош прокуратура томонидан Тошкент шаҳрининг меъморий қиёфасини сақлаш, шаҳарсозлик нормаларига риоя этилишини таъминлаш ва ноқонуний қурилишларга чек қўйиш мақсадида «Ноқонуний қурилиш» махсус Telegram-боти ишга туширилди.
Маълум қилинишича, @noqonuniy_qurilish_bot орқали фуқаролар пойтахт ҳудудидаги ноқонуний қурилишлар ҳақида тезкор маълумот юбориш имкониятига эга бўлади.
Хусусан, кўп қаватли уйлар атрофида, спорт майдончалари, болалар ўйингоҳлари, яшил ҳудудлар ёки бошқа жамоат жойларида ноқонуний қурилиш объектларига гувоҳ бўлган фуқаролардан махсус бот орқали хабар бериш сўралган. Бош прокуратура пойтахт аҳолисини ўз уйи ва маҳалласидаги ҳолатларга бефарқ бўлмасликка ҳамда ноқонуний қурилишларни аниқлаш бўйича жамоатчилик назоратида фаол иштирок этишга чақирди.
Ўзбекистонда хусусийлаштириш натижалари қайта кўриб чиқилмаслиги белгиланди
Ўзбекистонда хусусийлаштириш натижаларини қайта кўриб чиқиш бўйича ташаббус билан чиқиш тақиқланмоқда. Президент томонидан 17 август куни имзоланган қонунга биноан, бир нечта қонунларга қуйидагича қўшимча киритилди:
«Хусусийлаштириш натижаларини, шу жумладан, объектларнинг қийматини баҳолаш ҳамда баҳолашга оид ҳисоботнинг ишончлилигини экспертизадан ўтказиш натижаларини қайта кўриб чиқиш, ҳақиқий эмас деб топиш ва бекор қилиш масалалари юзасидан давлат органлари, шу жумладан, назорат қилувчи, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва судлар томонидан ташаббус билан чиқиш хусусий мулкнинг дахлсизлигини бузиш деб баҳоланади ҳамда бундай ишлар кўриб чиқиш учун қабул қилинмайди».
Мазкур қоида «Давлат мулкини хусусийлаштириш тўғрисида»ги, «Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида»ги ҳамда «Хусусий мулкни ҳимоя қилиш ва мулкдорлар ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида»ги қонунларга ҳам киритилди. Қонун расмий эълон қилинганидан уч ой ўтгач – 2026 йил 18 ноябрдан кучга киради.
Ҳайвонот боғида шер ва жайраларга тош отган эркак жазоланди
Тошкент ҳайвонот боғида шер ва жайраларга тош отган эркак 2,8 млн сўм жаримага тортилди.
Ҳодиса 13 август куни содир бўлган. Фарзандлари билан ҳайвонот боғига борган эркак шер ва жайраларга тош отган. Унинг хатти-ҳаракатини фарзанди ҳам такрорлаган.
Ҳолат акс этган видео ижтимоий тармоқларда тарқалиб, кенг муҳокамаларга сабаб бўлгач, Тошкент шаҳар ички ишлар бош бошқармаси томонидан ушбу фуқаро топилди ва маъмурий баённома расмийлаштирилди. Қоидабузар шахс ўз қилмиши учун узр сўради.








