Ўзбекистонда иккинчи АЭС қуришга тайёргарлик кўрилмоқда, деб эълон қилди президент Шавкат Мирзиёев. «Урганч — Хива» пулли йўлининг нархи маълум бўлди. Абитуриентларга олтинчи йўналишни танлаш имконияти берилади. Мактаб, лицей, техникум ва олий таълимда янги ўқув йилининг бошланиш санаси эълон қилинди. Ходимларни ҳақорат қилган Нурафшон ёшлар бўлими бошлиғи ишдан олинди. Куннинг муҳим янгиликлари билан таништирамиз.

Ўзбекистонда иккинчи АЭС қуришга тайёргарлик кўрилмоқда

Ўзбекистонда иккинчи атом электр станцияси (АЭС) лойиҳаси бўйича тайёргарлик кўрилмоқда. Бу ҳақда Шавкат Мирзиёев 17 август куни Хоразм вилоятига ташрифи давомида айтди.

«Жонажон ватанимизнинг 35 йиллигида ўзингиз кўряпсиз қандай-қандай ислоҳотлар амалга оширяпмиз, қандай лойиҳалар амалга оширяпмиз. Жиззахда атом электр станцияси қурилаётганини биласиз. Биз тасаввур қилганмизми, қачонлардир бу атом электр станцияси Ўзбекистонда бўлади деб. Мен сизларга бугун бир сирни айтмоқчиман. Яқинда иккинчи станция бўйича ҳам катта тайёргарлик қиляпмиз», деди президент.

Ҳозирча иккинчи АЭС қурилиши режалаштирилган жой, унинг қуввати ва лойиҳани амалга ошириш муддати ҳақида маълумот берилмади.

Ўзбекистонда биринчи АЭС қурилиши бўйича Жиззах вилоятида дастлабки ишлар март ойида бошланди. 5 июнь куни АЭС пойдеворини қуришга старт берилди. АЭС тўлиқ ишга тушса, йилига 15 миллиард кВт·соат электр энергияси ишлаб чиқариши айтилмоқда.

«Урганч — Хива» пулли йўлининг нархи маълум бўлди

Spot нашри маълумотларига кўра, М1 тоифадаги енгил автомобиллар учун ушбу пулли йўлда Хивадан Урганчгача ва орқага тўлиқ йўналиш бўйича ҳаракатланиш ҳақи 25 минг сўмни ташкил қилади. Шунингдек, узунлиги 28 км бўлган қисқа йўналиш — Туркманли маҳалласидан Хивагача бўлган йўл орқали ҳаракатланиш нархи эса 20 минг сўмни ташкил қилади.

Юк автомобиллари учун тўлиқ йўналиш нархи 40 минг сўм, қисқа йўналиш эса 25 минг сўм этиб белгиланган.

Автомобил йўллари қўмитаси маълумотига кўра, ҳозирда Урганч-Хива пулли автомобиль йўлидан фойдаланиш учун тўлов сайти синов режимида ишламоқда. Йўл ҳақи тўлаш тизими 25 августдан тўлиқ ишга тушади.

Абитуриентларга олтинчи йўналишни танлаш имконияти берилади

2026/2027-ўқув йилидан абитуриентларга олтинчи таълим йўналишини танлаш имконияти берилади. Шу вақтгача бешта йўналиш танланган эди.

Бу имконият бакалавриат учун асосий танловда талабаликка тавсия этилмаган абитуриентларга берилади. Бунда абитуриентнинг тестда тўплаган балли, фанлар мажмуаси ва мавжуд вакант ўринлар инобатга олинади.

Олий таълим вазири ўринбосари Сардор Ражабовга кўра, янги тартиб августнинг сўнгги иш ҳафтасида жорий этилади.

«Олтинчи йўналишда қаерда вакант ўрин қолган бўлса ва бу йўналиш абитуриентнинг фанлар мажмуасига мос келса, уни танлаш имконияти очиб берилади. Буни кейинги ҳафтага режалаштиряпмиз», деди у.

Ходимларни ҳақорат қилган Нурафшон ёшлар бўлими бошлиғи ишдан олинди

Ёшлар ишлари агентлиги Нурафшон шаҳар бўлими бошлиғи Миркарим Аҳмаджонов 19 август куни ўтказилган мажлисда ходимлар ва ёшлар етакчиларини сўккани маълум бўлди. Ҳақоратлар янграган аудиторияда аёллар ҳам бўлган. Мажлисда ёзиб олинган аудио Kun.uz ихтиёрига келиб тушди.

Тошкент вилоят ҳокимлиги вакили биз билан суҳбатда аудиодаги овоз Ёшлар ишлари агентлиги Нурафшон шаҳар бўлими бошлиғи Миркарим Аҳмаджоновга тегишли эканини тасдиқлади.

Ёшлар ишлари агентлиги Kun.uz сўровига жавобан аудиоёзув юзасидан ўрганиш бошланганини маълум қилди. Кўп ўтмай, Аҳмаджонов ишдан олингани маълум қилинди.

Янги ўқув йилининг бошланиш санаси эълон қилди

Мактабларда 2026/27 ўқув йили 2 сентябр, чоршанбадан бошланади. Жорий йилда биринчи синфга қабул қилинадиган 795 мингдан ортиқ ўқувчига 12 номдаги ўқув қуролларидан иборат «Президент совғаси» берилади.

Академик лицей ва техникумларда ҳам ўқув жараёни 2 сентябрдан бошланади.

Олий таълим ташкилотларида 1-курс талабалари учун 7 сентябрдан бошлаб, 2-курс ва ундан юқори курс талабалари учун 14 сентябрдан бошлаб ўқув жараёни ташкил этилади.