Шавкат Мирзиёев тадбиркорлар билан анъанавий очиқ мулоқотни ўтказди ва кўплаб янги имтиёзлар ва енгилликларни эълон қилди. Тест якунлари: ўтиш баллари ошди, 209 мингдан ортиқ абитуриент талабаликка тавсия этилди. 1-курс талабалари учун ётоқхонага ариза қабул қилиш бошланди. Хивада Конгресс-ҳолл ва «Хива Ичан қалъа» қабуллар уйи очилди. Доллар курси 2023 йил августдан бери энг паст даражага тушди. Куннинг муҳим янгиликлари билан таништирамиз.

Шавкат Мирзиёев тадбиркорлар билан анъанавий очиқ мулоқотни ўтказди

Хоразм вилоятидаги тадбирда 500 нафарга яқин тадбиркор бевосита, илк бор туманлардаги студиялардан яна 25 мингга яқин бизнес вакиллари иштирок этди.

Давлат раҳбари тадбиркорлар учун кўплаб имтиёзлар ва енгилликлар жорий этилишини эълон қилди.

Жумладан, тўлов интизомини бузмаган тадбиркорлар учун электр ва газ бўйича олдиндан тўлов 100 фоиздан 15 фоизга туширилади.

Кичик бизнесда инсон соғлиғи ва бошқа тадбиркорлар манфаатига зарар етказиш билан боғлиқ бўлмаган ҳар қандай текшириш учун 3 йил муддатга мораторий эълон қилинади.

Тадбиркорлар учун барча турдаги жарималар миқдори ўртача 2 баробар камайтирилади. «Биринчи хато учун огоҳлантириш» қоидаси жорий этилади. Биринчи бор қоида бузган ва одамлар ҳаёти, соғлиғи ёки мулкига зарар етказмаган тадбиркорга камчиликни бартараф этиш учун 10 кун берилади.

Тадбиркорликка оид давлат хизматларининг 50 фоизи “сукут – розилик” тамойилига ўтказилади. Яъни ариза белгиланган муддатда кўриб чиқилмаса, у автоматик равишда тадбиркор фойдасига ҳал қилинган ҳисобланади.

Тест якунлари: ўтиш баллари ошди, 209 мингдан ортиқ абитуриент талабаликка тавсия этилди

Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги 2026/2027 ўқув йили учун олий таълим муассасаларига қабулнинг якуний натижалари бўйича матбуот анжумани ўтказди. Якуний танлов натижаларига кўра, бу йил бакалавриат таълим йўналишларига 209,1 минг нафар абитуриент талабаликка тавсия этилди.

Уларнинг 52,8 минг нафари — давлат гранти, 156,3 минг нафари — тўлов-контракт асосида ўқиш имкониятига эга бўлди. Белгиланган имтиёзлар асосида алоҳида қабул кўрсаткичлари доирасида яна 20,5 минг нафар абитуриент талабаликка тавсия этилган.

Бу йил давлат гранти асосида ўртача ўтиш балли 134,6 балл, тўлов-контракт бўйича эса 93,7 баллни ташкил қилди. Таққослаш учун 2025/2026 ўқув йилида ушбу кўрсаткичлар мос равишда 121,8 ва 84,9 балл бўлган. Бир йилда грант бўйича ўртача ўтиш балли 12,8 баллга, контракт бўйича эса 8,8 баллга ошган. Таълим йўналишлари бўйича эса энг юқори қизиқиш «Даволаш иши», «Иқтисодиёт» ва «Филология ва тилларни ўқитиш: инглиз тили» йўналишларида кузатилди.

1-курс талабалари учун ётоқхонага ариза қабул қилиш бошланди

2026-2027 ўқув йилида олий таълим муассасаларининг 1-курсига тавсия этилган абитуриентлар учун талабалар турар жойига жойлашиш бўйича ариза топшириш хизмати ишга туширилди. Аризалар 18 августдан Давлат хизматлари марказлари ёки my.gov.uz портали орқали қабул қилинади.

Талабаларни ётоқхоналарга жойлаштириш белгиланган тартиб ҳамда мавжуд бўш ўринлардан келиб чиққан ҳолда амалга оширилади.

Амалдаги регламентга мувофиқ, дастлаб имтиёз ва устуворликка эга талабгорлар талабалар турар жойларига қабул қилинади. Шундан кейин қолган бўш ўринлар умумий рўйхатдаги талабаларга навбат асосида тақсимланади. Бунда 1-курс талабалари учун талабалар турар жойларидаги ўринларнинг 55–65 фоизгачаси ажратилиши белгиланган.

Хивада Конгресс-ҳолл ва «Хива Ичан қалъа» қабуллар уйи очилди

Президент Шавкат Мирзиёев Хива шаҳрида янги барпо этилган Конгресс-ҳолл, уч юлдузли меҳмонхона ҳамда «Хива Ичан қалъа» қабуллар уйи фаолияти билан танишди.

Замонавий премиум услуб ва Хоразм миллий меъморчилиги элементлари уйғунлигида қурилган Конгресс-ҳолл халқаро анжуманлар, бизнес-конференциялар, ҳукуматлараро музокаралар ва маданий форумларни ўтказиш учун мўлжалланган. Умумий майдони 1,9 гектар бўлган мажмуани барпо этиш учун 857 миллиард сўм бюджет маблағлари йўналтирилган. Атрофида кенг яшил ҳудудлар ва хиёбонлар ташкил этилиб, «Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси доирасида ободонлаштириш ишлари амалга оширилган.

Давлат раҳбари «Хива Ичан қалъа» қабуллар уйини ҳам кўздан кечирди. Умумий майдони 2 гектар бўлган мазкур мажмуа расмий тадбирлар ўтказиш ва хорижий делегацияларни қабул қилишга мўлжалланган. Лойиҳа қиймати 260 миллиард сўмни ташкил этади. Бино меъморчилигида Хоразмга хос маҳобатли ёғоч ўймакорлиги устунлари, ганчкорлик санъати, кўк ва фируза рангли кошинлардан кенг фойдаланилган. Қабуллар уйи атрофида воҳанинг бой тарихини акс эттирувчи фотокўргазмалар ва миллий ҳунармандчилик устахоналари фаолияти йўлга қўйилган.

Доллар курси 2023 йил августдан бери энг паст даражага тушди

17 август кунги савдолар якунларига кўра Америка валютаси 33,8 сўмга арзонлаб, 11857,3 сўмни ташкил қилди. Бу 2023 йилнинг 10 август кунидан бери (11 667 сўм) қайд этилган минимал қиймат.

Умуман олганда, доллар курси кетма-кет учинчи савдо куни сўмга нисбатан пасайиб, деярли 91,2 сўмга (0,76 фоиз) — 11948 сўмдан 11857 сўмга арзонлашди. Кун давомида битта банкда Америка валютасини 11920 сўмдан, яна 4 та банкда эса 11940 сўмдан сотиб олиш мумкин бўлди.

Сўмнинг кучайиши кўп жиҳатдан ички ва Ўзбекистонга хос омиллар билан боғлиқ бўлиши мумкин. Экспорт даромадларининг ўсиши, олтин экспорти даромадларининг стерилизацияси ва мигрантлар пул ўтказмалари ҳажмининг ошиши шулар қаторига киради.