Президент матбуот котиби Шерзод Асадовнинг маълум қилишича, давлат раҳбари Янги Тошкентда ишбилармонлик ҳаётини шакллантиришда давлат идораларининг кўчиши муҳим ўрин тутишини таъкидлаган.

Ҳозир Қурилиш, Транспорт ва Энергетика вазирликлари янги шаҳарда енгил конструкцияли биноларда ишламоқда. Вазирлик ва идораларнинг 2,6 минг нафар ходими учун яна тўққизта бино қуриляпти.

Қолган вазирлик ва давлат ташкилотларининг кўчишини бошлаш вазифаси бош вазирга юклатилган.

Йил охиригача Янги Тошкентда 20 минг хонадонни фойдаланишга топшириш режалаштирилган. Бу камида 70 минг киши учун янги яшаш муҳитини яратади.

Президент аҳолига уйлар билан бир вақтда дам олиш, спорт, савдо, таълим ва тиббиёт хизматлари ҳам зарур бўлишини қайд этган.

Шаҳарда ФИФА талабларига жавоб берадиган 55 минг ўринли стадион қурилмоқда. У келаси йил 20 ёшгача бўлган футболчилар ўртасидаги жаҳон чемпионатининг асосий ареналаридан бири бўлиши кўзда тутилган.

Ташриф буюрувчилар учун меҳмонхона, кафе, ресторан ва кўнгилочар масканларга эҳтиёжни аниқ ҳисоблаб, тадбиркорларга очиқ тақдим этиш вазифаси қўйилган.

Мулоқотда инвесторлар таклифларини кўриб чиқиш тартиби ҳам муҳокама қилинган. Президент Янги Тошкентнинг мастер режаси сармоядорлар ташаббусига тўсиқ бўлмаслиги кераклигини таъкидлаган.

Агар ўзига хос лойиҳа шаҳар манфаатига хизмат қилса, лот майдони ёки объект турини ўзгартириш таклифи қўллаб-қувватланиши лозимлиги айтилган. Бунга ҳуқуқий имконият бўлса-да, амалда тартиб мураккаб ва етарлича шаффоф эмаслиги, айрим қарорлар ойлаб чўзилаётгани қайд этилган.

Инвестор таклифларини тез ва аниқ мезонлар асосида кўриб чиқиш талаб қилинган.

«Санкт-Петербург» мавзесига тадбиркорлар қизиқиши унинг концепцияси, лойиҳа ҳужжатлари ва қурилиш рухсати олдиндан тайёрлиги билан боғланган. Дирекцияга шундай тайёр лойиҳалар сонини кўпайтириш зарурлиги кўрсатиб ўтилган.

Шунингдек, янги шаҳарнинг «ташриф қоғози»га айланадиган йирик тижорат объектларини кўпайтириш масаласи кўтарилган. Ҳозиргача сотилган 54 та лотдан атиги учтасидаги лойиҳа қиймати 100 миллион доллардан ошади.

Шу мақсадда очиқ ташаббус ва Swiss Challenge тамойили асосида ер ажратиш амалиёти йўлга қўйилади. Бунда ташаббус очиқ эълон қилинади. Агар бошқа талабгорлар яхшироқ шарт таклиф этмаса, ер биринчи ташаббускорга берилади.