Ўзбекистон | 13:22 / 09.10.2024
12418
2 дақиқада ўқилади

Тошкент туманида «дом» қуриш мақсадида қазилаётган котлован сабаб қўшни ҳовлининг бир қисми қулаб тушди

Уй ичида бўлган мулк эгаларининг соғлиги ёмонлашиб қолгани, қутқарувчилар қўшни ҳовли орқали кириб, уларни олиб чиққани айтилмоқда. Ҳудудда “Toshkent mega stroy” МЧЖ томонидан кўп қаватли уй қурилаётган бўлган.

Фото: Kun.uz

Тошкент вилоятининг Тошкент туманида котлован қазиш жараёнида қурилиш объектига туташ уйнинг дарвозахона қисми қулаб тушди. Ҳолат 8 октябр куни туманнинг Баҳор маҳалласида содир бўлган.

Kun.uz журналисти уй эгасининг ўғли билан боғланиб, воқеа тафсилотларини сўради. Унинг маълум қилишича, ҳолат содир бўлганида онаси ва отаси уйда бўлган.

Ўзим кўчада эдим. Телефон бўлгач зудлик билан етиб бордим. Қарасам, уйнинг бир қисми қулаб тушибди. Онам ва отамнинг мазаси бўлмай қолди. Дарҳол тез тиббий ёрдам ва қутқарувчиларга мурожаат қилдим.

Қутқарувчилар қўшнимизнинг деворини бузиб, уйдан онам ва отамни олиб чиқишди. Онамнинг соғлиги ёмонлашиб қолган экан, шифохонага олиб кетишди. Тиббий ёрдам кўрсатилиб, ҳолатлари яхшилангач қайтариб олиб келдик.

Отам бунгача бир неча бор қурувчиларни котлованни яқин қазмаслик бўйича огоҳлантирган экан. Аммо ҳеч нарса бўлмайди, дея билганини қилишган”, дейди мулк эгасининг фарзанди.

Унинг қўшимча қилишича, ушбу қурилиш ишлари ноқонуний тартибда амалга оширилаётган бўлиши мумкин. Негаки, маҳалла аҳолисининг аксарият қисми қарши бўлишига қарамай “Toshkent mega stroy” МЧЖ томонидан қурилиш ишлари бошланган. Тегишли масъулларга қилинган мурожаатлардан эса натижа бўлмаган.

Аввалроқ Тошкент шаҳри Чилонзор туманида котлован сабаб йўлнинг бир қисми қулаб тушганди.

Мавзуга оид