Ўзбекистон | 23:05 / 14.03.2026
6018
2 дақиқада ўқилади

Тошкентда 460 та бекат тадбиркорларга ижарага берилди – ҳокимият

Бекатлар йирик лотларда аукционга чиқарилган, ғолиблар 6 йиллик ижара ҳуқуқини қўлга киритган. Улар бекатга реклама ўрнатишдан фойда кўради. Шаҳар ҳокими ўринбосари Абдураҳмон Бахтиевнинг айтишича, тадбиркорлар қатор мажбуриятларни олган: бекатда камера, фавқулодда ҳолатлар учун “SOS” тугма, ёритиш қурилмалари, имконияти чекланганларга махсус плитка ва пандусларни ўрнатиш шулар жумласидан.

Тошкент шаҳрида автобус бекатларини янгилаш дастури доирасида 460 та автобус бекати аукцион орқали тадбиркорларга ижарага берилди, дея маълум қилди шаҳар ҳокими ўринбосари Абдураҳмон Бахтиев 12 март кунги матбуот анжуманида.

“Бекатлар йирик лотларга ажратилиб, 6 йил муддатга ижарага берилди. Битта-битта бекат қилиб сотилмайди. Сабаби, айрим бекатларимиз яхши жойда, айрим бекатларимиз ёмон жойда жойлашган. Инвесторга, тадбиркорга қизиқ жойи – бу реклама ўрнатиш. Аукционда қатнашиб, пулини чиқариб олишнинг йўли – шу реклама”, – деди у.

Охирги ҳафталарда ноқонуний дея бузиб ташланган кўплаб дўконли бекатларда дўкондорлар томонидан кондиционер ўрнатилган эди. Янги бекатлар эса очиқ муҳит қилиб лойиҳаланган. Ҳоким ўринбосари бу ҳақдаги саволга жавобан асосий масала автобуслар интервалида эканини айтди.

“Жуда кўп давлат тажрибаси ўрганилди. Аслида биз бекатни қулай қилишни эмас, автобусни тезроқ қулай қилиш, вақтида келишини ўйлашимиз керак. Шу 30-40 дақиқа эмас, унча анча қисқароқ бўлишига эришиш учун ҳаракат қилишимиз керак. Бекатни қулай қилсак, “автобус бемалол келаверса бўлади, буёқда бекатда кутиб ўтиради”, деган ғоядан қочишимиз керак. Лекин шу бекатда камида ёмғир, қор тушмаслиги керак, иссиқ кунларда соя бўлиши керак”, – дейди у.

Бахтиевнинг қўшимча қилишича, бекатларни ижарага олган тадбиркорларга камера, фавқулодда ҳолатлар учун “SOS” тугма, ёритиш қурилмалари, имконияти чекланганларга махсус плитка ва пандусларни ўрнатиш шарти қўйилган.

Дилшода Шомирзаева
Тайёрлаган Дилшода Шомирзаева
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид