Ўзбекистон | 23:06 / 27.01.2026
9490
6 дақиқада ўқилади

Коррупцияда айбланган мансабдорлар, “Малика”даги бебошлик ва Ҳажга онлайн навбат – маҳаллий дайжест

«Ўзбекнефтгаз» ва Давлат активларини бошқариш агентлигининг қамоққа олинган раҳбарлари, «гуруҳбозликка ва маишатбозликка» берилган, 186 млрд сўм бюджет маблағларини ўзлаштирган ички ишлар вазирлиги мулозимлари ва солиқ идораларидаги катта тозалаш. Куннинг муҳим маҳаллий янгиликлари билан таништирамиз.

Коррупцияда айбланаётган амалдорлар

Шавкат Мирзиёев раислигида 27 январ куни пойтахтда хавфсиз муҳитни шакллантириш ва жамоат хавфсизлигини таъминлаш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилиши ўтказилди.

Унда қайд қилинишича, Ўзбекистонда 53 триллион сўмлик талон-торожлик ва молиявий камчиликлар фош этилган, коррупция схемаларидан етказилган зарар 4,2 триллион сўмни ташкил этган.

Қайд қилинишича, «Ўзбекнефтгаз» АЖ бошқаруви собиқ раиси Баҳодир Сиддиқов эҳтиёт чораси сифатида қамоққа олинган. У давлат маблағларини талон-торож қилиш ва бошқа коррупциявий жиноятларда гумон қилинмоқда. Ҳозир катта тафтиш кетаётгани, миллиард-миллиард сўмлик талон-торожликлар аниқлангани маълум қилинди.

Давлат активларини бошқариш агентлигининг мансабдор шахслари бозор қиймати камида 250 миллиард сўмлик ер участкасини ёпиқ аукционга чиқариб, 120 миллиард сўмга сотиб юборган. Шу боис, агентлик директори Акмалхон Ортиқов ишдан олинган. Манбалар у ҳам қамоққа олингани ва ДХХ томонидан тергов қилинаётганини айтмоқда.

Давлат харидлари давомида 186 млрд сўм бюджет маблағларининг ўзлаштирилгани аниқланган ҳамда бу иш доирасида ички ишлар вазирининг собиқ ўринбосари Бекмурод Абдуллаев ва Жазони ижро этиш департаменти собиқ бошлиғи Рустам Турсуновга қарши жиноий иш қўзғатилган.

Йиғилишда Тошкент шаҳри солиқ идораларини танқид қилинди. Шайхонтоҳур тумани солиқ инспекцияси бошлиғи Ҳожиакбар Муллажонов ва Тошкент шаҳар солиқ бошқармаси бошлиғи Юнусжон Насимжоновни ишдан олиш, фаолиятини ўрганиб, қонун устуворлигини таъминлаш топширилди.

Солиқ қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Мубин Мирзаев лавозимидан озод этилди. Давлат раҳбари Шайхонтоҳур тумани солиқ инспекцияси томонидан Чорсу бозорида тўлов интизоми жойига қўйилмагани, Малика савдо комплексида эса аҳвол бундан ҳам аянчли эканини кўрсатиб ўтди.

Тошкент шаҳри Мирзо Улуғбек тумани солиқ инспекцияси бошлиғи Дилшод Усмонов ишдан олиниб, жиноят иши қўзғатилди. У инспекция биносининг бир қисмини шахсий мақсадда ижарага бериб, 315 миллион сўмни ўзлаштирган, иш фаолиятида «гуруҳбозликка ва маишатбозликка» берилган.

Тошкент шаҳар ИИББ бошлиғи Равшан Султонхўжаев ва прокурори Анвар Ўрмоновга ҳайфсан берилди. «Улар жиноятларни фош қилиш ва олдини олиш ўрнига микроавтобусда шаҳар айланиш билан банд», деди президент. Мансабдорларга олти ойлик синов муддати тайинланиши белгиланди.

Бугун лавозимидан олинганлар орасида Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Тошкент шаҳар бошқармаси бошлиғи ўринбосари Алишер Ғаниев ҳам бор.

Малика” бозоридаги бебошлик

Президент бугунги селекторда “Малика” бозоридаги тадбиркорларнинг солиқдан қочишлари ҳақида ҳам гапирди.

Шавкат Мирзиёев Тошкент шаҳридаги “Малика” савдо мажмуасида яширин иқтисодиёт билан боғлиқ аҳволни “аянчли” деб таърифлади. У ердаги 1,5 мингга яқин тадбиркорнинг атиги тўртдан бири рўйхатдан ўтган, 25 фоизи ойига 1 миллион сўм ҳам солиқ тўламаяпти. Декабр ойида пластик карталардан ечилган 600 миллиард сўмлик савдо тушуми яширилган.

Ҳаж ва Умрага бориш учун ягона портал орқали рўйхатдан ўтиш мажбурий бўлади

Вазирлар Маҳкамасининг «Ҳаж» ва «Умра» тадбирларини ташкил этиш тизимини рақамлаштириш ва такомиллаштиришга қаратилган қарори қабул қилинди.

Қарорга мувофиқ, Ўзбекистонда «Ҳаж ва Умра ягона портали» (www.haj-umra.gov.uz) ишга туширилди. Энди зиёратга бориш истагида бўлган фуқаролар учун ушбу портал орқали рўйхатдан ўтиш мажбурий этиб белгиланди.

Янги тартиб бўйича 2026 йил 1 февралдан Ҳажга, 2026 йил 1 майдан Умрага бориш учун www.haj-umra.gov.uz порталида рўйхатдан ўтиш шарт бўлади.

1 февралдан Камбағал оилалар реестрига киритилганлар учун янги имтиёзлар жорий қилинади

Ўзбекистон қонунчилигига кўра, 2026 йил 1 февралдан бошлаб «Ёшлар дафтари» жамғармалари орқали кўрсатиладиган айрим ижтимоий ёрдам турлари Камбағал оилалар реестрига киритилган ёшларга ижтимоий шартнома асосида тақдим этилади.

Шу доирада, касбий ва олий таълимда таълим олаётган ўқувчи-талабалар учун тўлов-контракт суммасининг 50 фоизгача қисми қоплаб берилиши белгиланган. Бунда тўловлар ўқувчи-талаба билан тузилган ижтимоий шартнома шартларини бажариш даражасидан келиб чиқиб амалга оширилади. Ёрдамнинг умумий миқдори бир ўқув йили учун БҲМ 50 бараваридан (20,6 млн сўм) ошмаслиги лозим.

Шунингдек, 1 февралдан бошлаб Камбағал оилалар реестрига киритилган ёшларга сафарбарлик чақируви резервидаги ҳарбий хизматни бепул ўташ имконияти берилади. Мазкур йўналишда субсидия ажратиш амалиёти бекор қилиниб, ҳарбий хизмат билан боғлиқ харажатлар Мудофаа вазирлигининг «Сафарбарлик чақируви резерви маблағлари» махсус ҳисобварағи ҳисобидан амалга оширилади.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид