Ўзбекистон | 17:10 / 18.11.2024
6478
5 дақиқада ўқилади

Тошкентда Аския бозори жойлашган ер инвесторга берилади

Яккасарой туманидаги Аския деҳқон бозори қайта қурилиб, ерости автотураргоҳ, экобозор, совуткич омборхона ва 4 юлдузли меҳмонхона барпо этилади. 150 млн долларга баҳоланаётган лойиҳа муаллифи ҳозирча маълум эмас. Иқтисодчи Отабек Бакировнинг сўзларига кўра, 1,8 гектарлик ҳудудни эгаллаган Аския бозори ер қийматининг ўзида баҳоланса ҳам, 27 млн доллардан кам турмайди.

Фото: Яккасарой тумани ҳокимлиги

Тошкент шаҳри Яккасарой туманидаги Аския деҳқон бозори қайта қурилади. Бу ҳақда туман ҳокимлиги матбуот хизмати хабар берди.

Хабарда айтилишича, 16 ноябр куни “Ateca Hotel Suites” меҳмонхонасида лойиҳа бўйича тақдимот бўлиб ўтган. Унда Яккасарой туман ҳокими Нилуфар Аллабергенова, унинг ўринбосарлари, масъул ташкилот раҳбарлари, бозор маъмурияти ва тадбиркорлар иштирок этган.

Нилуфар Аллабергенованинг сўзларига кўра, аҳоли ва тадбиркорларга қулай ва шинам шароитлар яратиб бериш, эскириб қолган бозорни замонавий кўринишга қайта қуриш бўйича музокаралар олиб борилмоқда. Бу борада бир неча инвесторлар томонидан бозорни қайта қуриш бўйича таклифлар билдирилган. Шу сабабли бозор ҳудудини “e-auksion” платформаси орқали инвесторларга таклиф этиш режалаштирилмоқда.

Фото: Яккасарой тумани ҳокимлиги

Яккасарой ҳокимининг айтишича, сотиб олиш таклифи билан чиққан инвестор қуйидагиларни Аския бозорининг бошқарувчиси бўлган жамиятга беғараз ўтказиб бериши керак:

  • 3000 кв метр майдонда экобозор;
  • 1200 кв метр майдонда совиткич омборхона;
  • 400 ўринга мўлжалланган ерости автотураргоҳ.

Бу талаблар Тошкент шаҳар ҳокимлиги, Давактив агентлиги Тошкент шаҳар ҳудудий бошқармаси ва Муниципиал активларни бошқариш маркази билан келишилгани айтилмоқда.

Фото: Яккасарой тумани ҳокимлиги

“Лойиҳа амалга оширилиши натижасида 150 млн доллар тўғридан тўғри хорижий инвестициялар ўзлаштирилади. Янги бозор ёнида жаҳон стандартларига мос равишда қуриладиган 4 юлдузли меҳмонхона иш фаолиятини бошлайди. Лойиҳа йирик савдо комплексини ўз ичига олиб, унга ҳам жаҳон стандартлари асосида юлдуз олинади. Лойиҳа тўлиқ қувватда ишга туширилиши натижасида эса 1000 дан ортиқ янги иш ўрни яратилади”, дейилади ҳокимлик хабарида.

Янги бозор ҳудудида велосипедлар учун жой, ўриндиқлар, Wi-Fi зоналари, кўнгилочар ва яшил ҳудудлар ташкил этиш ҳам режалаштирилган.

Фото: Яккасарой тумани ҳокимлиги

Таъкидланишича, қурилиш ишлари жамият ҳудудидаги қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари бозори фаолиятига таъсир ўтказмайди, яъни ушбу бозор фаолиятини тўлиқ сақлаган ҳолда амалга оширилади. “Экобозор” қурилиши якунлангач, деҳқон бозори у ерга босқичма-босқич кўчирилади.

Расмий хабарда 150 млн долларга баҳоланган лойиҳани қайси ташкилот ишлаб чиққанига аниқлик киритилмаган.

Фото: Яккасарой тумани ҳокимлиги

Аввалроқ, Тошкент шаҳрининг Юнусобод туманидаги Юнусобод деҳқон бозори ва Аҳмад Дониш бозорини олти қаватли қилиб қайта қуриш режалаштирилаётгани xабар қилинганди.

“Бозор ерининг ўзи 27 млн доллардан кам эмас”

Иқтисодчи Отабек Бакировга кўра, Аския бозори бўйича таклиф этилаётган схемадан на давлат бюджети, на маҳаллий бюджет бир сўм ҳам олмайди.

“Марҳамат, бозорни сотишмоқчими, очиқ аукцион ўтказишсин, исталган талабгор минимал шартлар билан савдога киритилсин. Ўша 150 миллион долларлик инвестиция киритмоқчи бўлган Мистер Икс инвестор ҳам қатнашсин, гар шунчалик зўр бўлса (фалон миллион инвестиция киритмоқчи бўлган шалаш конторалар нега ўзларини, манбаларини, келиб чиқишини яширишади). Очиқ савдода бозор учун ким кўп тўласа ҳалоли бўлсин.

Фото: Yandex Maps

Аския бозори, маълумот учун Тошкентнинг энг қиммат локациясида, 1,8 гектар ҳудудда жойлашган. Ҳозир бориб сўрашингиз мумкин, бозор атрофидаги ер майдонлари, агар топа олсангиз, сотихи 150 минг доллар атрофида. Бозор қуп-қуруқ ернинг ўзида баҳоланса ҳам, 27 млн доллардан кам эмас. Бу пулга Яккасаройда камида икки ва уч сменада ўқиётган болалар учун 15 та энг қойилмақом мактаб қурса бўлади. Ҳеч ким сайламаган ҳокимият пул йўқ деб 3 йилдан бери саратондан ўлаётганлар учун битта ҳоспис қуриб бера олмайди. Қанақадир уят ва шармандалик”, дея ёзди иқтисодчи.

Бакировнинг қўшимча қилишича, Яккасарой Сўх, Мўйноқ ёки Шеробод каби чекка туман эмас, балки Тошкентнинг қоқ марказида жойлашган. У шундан келиб чиқиб энг қиммат жойларни “инвестиция киритиш” шаблони билан “совға қилиш”ни тўхтатишга чақирди.

Мавзуга оид