Жаҳон | 18:18 / 08.10.2024
13123
2 дақиқада ўқилади

Туркияда танасига олтин яшириб ўтмоқчи бўлган ўзбекистонлик аёллар ушланди

Аёллар текширилганда жинсий аъзоларига яширилган ва ҳар бири 110 грамм оғирликда бўлган 84 та олтин қуймаси борлиги аниқланди.

Туркиянинг Измир шаҳри аэропортида олиб борилган операция чоғида ўзбек миллатига мансуб 6 нафар йўловчи аёл ва уларни кутиб олишга келган шахслар тинтув қилинди. Натижада, уларнинг ёнида 166 та қуйма олтин ва 18 та ўйин консоли борлиги аниқланди. Контрабандага алоқадор 7 нафар шахс қамоққа олинди, деб хабар берди Airline Haber.

Қайд қилинишича, 2 октябр куни ўтказилган операция давомида шубҳали аёл йўловчилар ва уларни кутиб олишга чиққан икки машина аэропорт дарвозасида полиция томонидан тўхтатилди. Дастлабки тинтувлар чоғида ҳар бири 110 грамм бўлган 82 дона қуйма олтин, 18 дона ўйин консоли ва 3 дона смартфон олиб қўйилди.

Суд қарори билан тана текширилганда, аёлларнинг жинсий аъзоларига яширилган ва ҳар бири 110 грамм оғирликда бўлган яна 84 та олтин қуймаси борлиги аниқланди. Улар жарроҳлик йўли билан олиб ташланди. Жами 166 та олтин қуйманинг умумий оғирлиги 18 килограмм 500 грамм, бозор қиймати эса тахминан 55 миллион турк лираси (≈20,5 млрд сўм) экани эълон қилинди.

Операция чоғида 6 нафар йўловчи аёл ва уларга ёрдам берган гумонланувчи қўлга олинди. Суд уларни ҳибсга олиш ҳақида ҳукм чиқарди.

Мавзуга оид