Украина ҳукуматига алоқадор «Хочу жить» («Мен яшашни хоҳлайман») лойиҳаси Россия армияси билан шартнома тузиб, Украинага қарши урушда қатнашган 1100 киши ҳақидаги маълумотларни ошкор қилди. Муаллифларга кўра, бу рўйхат тўлиқ эмас, агар Россия армияси сафида туриб жанг қилаётган этник ўзбеклар ҳам ҳисобга олинса, уларнинг сони бир неча минг кишига етган бўларди.
- «Мен яшашни хоҳлайман» лойиҳаси – таслим бўлиб, ҳарбий асирликка тушмоқчи бўлганлар мурожаатларини мувофиқлаштирувчи штаб бўлиб, Украина мудофаа вазирлиги ва бош разведка бошқармаси кўмагида иш олиб боради. У асосан, Россия ва Беларус армиясининг ихтиёрий равишда таслим бўлган ҳарбий хизматчилари билан шуғулланади.
«Ўзбекистон КХШТ (ОДКБ)даги аъзолигини тўхтатиб турган бўлишига қарамай, бу ҳукуматга ўз фуқароларининг Россия армияси сафларига ёлланишида кўз юмиб туришига халақит қилмаяпти», – дейди муаллифлар.
1100 кишилик рўйхатга Украинага асирга тушганлар киритилмаган. Улар фақат Россия армияси сафида ҳарбий ҳаракатларда қатнашаётган ёки қатнашган (ҳалок бўлган ёки шартнома муддати якунланган) Ўзбекистон фуқаролари экани айтилган.
Рўйхатда Ўзбекистон фуқароларининг исм-шарифи, туғилган санаси, Россия мудофаа вазирлиги билан шартнома тузган санаси, ҳарбий хизматдаги шахсий рақами ҳамда вафот этган санаси (109 киши) келтирилган.
Ташкилот 1100 кишига оид маълумотларни қандай йўл билан қўлга киритганини очиқламаган.
Ўзбекистоннинг урушга ёлланган фуқароларининг катта қисмини 25 дан 50 ёшгача бўлганлар ташкил этади.
Маълум қилинишича, рўйхатдагилардан камида 109 нафари вафот этган. Уларнинг ёши 21 дан 62 гача бўлган. Хусусан, улардан бири Россия мудофаа вазирлиги билан шартнома тузганидан 8 кун ўтиб ҳалок бўлган.
«Россия қуролли кучлари сафига ўзбекларни ёллаш тарихи тожикистонликларникига жуда ўхшайди. Ўзбекистондан келаётган муҳожирлар оқимида сусайиш аломатлари кўринмаяпти. Россия ҳукумати улардан «тўп еми» сифатида фойдаланишдан мамнун. Улар Марказий Осиёдан келган одамларни рейдлар ва депортация таҳдидлари билан шартномага имзо чекишга «рағбатлантиради», – дейилади баёнотда.
Украина тарафи уруш бошланганидан буён Ўзбекистон ҳукумати ўз фуқароларини чет эл қўшинлари сафига қўшилмасликка чақирган бўлса-да, судларнинг ёлланма аскарларга чиқарган «юмшоқ ҳукмлари» кўплаб саволларни туғдираётганини қайд этган.



























