“4 кундан буён қиламан, ишламайди” – Янги Тошкентга ишга таклиф қилинганлар телефон рақам ишламаётганидан норози
Янги Тошкентни қуриш учун 8-15 млн сўм иш ҳақи билан 10 мингга яқин бўш иш ўринлари эълон қилинганди. Аммо фуқаролар бу бўйича кимга мурожаат қилишни билмаяпти. Хабарда кўрсатилган қисқа рақамлар эса ишламаяпти. Бандлик вазирлиги буни техник носозлик билан изоҳлаб, тегишли чоралар кўрилаётганини маълум қилди.

Фото: Президент матбуот хизмати
28 феврал куни Бандлик вазирлигининг расмий саҳифасида 20 минг гектар майдонда барпо этилаётган Янги Тошкент шаҳри лойиҳаси учун бўш иш ўринлари эълон қилинди.
Эълонда айтилишича, бунинг учун 10 мингга яқин вакансиялар ажратилиб, 8-15 млн сўмлик ойлик иш ҳақи белгиланган.
“Бу ерда бетончи, пайвандчи, сантехник, ғишт терувчи, электрик, сувоқчи каби 38 турдаги йўналиш бўйича мутахассисларга талаб мавжуд.
Ишчилар ётоқхона, кийим-кечак, транспорт хизмати ва 3 маҳал иссиқ овқат билан таъминланади”, – дейилади расмий хабарда.
Қисқа рақам ишламаяпти
Эълонга қизиққанлар боғланиши учун вазирлик ўзининг қисқа 1176 рақамини келтирган. Аммо одамлар эълон чиққанидан бери бу рақамга туша олмаётганини билдиришмоқда.
“Бу хабарларингиздаги меҳнат бандлиги номери ишламайди-ку, 4 кундан буён телефон қиламан. Илтимос, сизлар алдаманглар халқни”, – дейди Kun.uz ботига ёзган фуқаролардан бири.
“1176 қисқа рақами ишламаяпти. “8 миллиондан 15 миллионгача ойлик маош” дебди, буни илтимос, бир кўрсатув қилиб текшириб кўринглар. Ўзим “сваршик”ман, “паравой отопление”, металлоконструкция бўйича мутахасислигим бор, лекин вазирлик ва идораларга ишонч йўқ.
Чунки 2020 йилда танлов орқали имтиҳонлардан ўтиб миграция агентлиги арзимаган ойлик билан Россияга 400 нафар одамни ишга жўнатган, карантинда Россияга кирдик. Кейин тўда-тўда бўлиб ишдан бўшаб, бошқа ишларга ўтиб, агентлик етказган зарарни бўйнимиздан соқит қилишга 6 ой кетди”, – дейди яна бир мурожаат қилган шахс.
Kun.uz мухбири вазиятни текшириш учун 1176 қисқа рақамига бир неча маротаба қўнғироқ қилиб кўрди, автоматик жавоб берувчи овоздан сўнг оператор жавоби кутилиши айтилди, аммо шу ерга келганда алоқа узилиб қолди. Қайта-қайта боғланганда ҳам шу вазият такрорланмоқда.
“Техник носозлик сабаб ишламаган” – вазирлик
Ҳолат юзасидан изоҳ олиш учун Бандлик вазирлигининг матбуот хизмати билан боғландик. Расмийларга кўра, қисқа рақам билан техник боғлиқ носозлик кузатилган, бу ҳақда 3 март куни эрталаб билишган.
“Мутахассисларга бу ҳақда хабарни эрталаб етказдик, натижаси бўйича қўшимча маълумот берилади. Бугун шундай бўлиб қолди, эълон қўйгандан кейин ҳам текшириб турдик.
Колл-марказда 50 нафар фуқаро мурожаати навбат билан кутиш имконияти мавжуд, 51-фуқаро навбатга қўшила олмаяпти. Қўнғироқларни автоматик навбатга олиш сонини ошириш чоралари кўрилмоқда”, – дейди вазирлик вакили.
Шунингдек, Kun.uz ташкилотдан шу вақтгача 1176 га қўнғироқ қилиб, қанча одам бўш иш ўринларига қизиқиш билдиргани юзасидан маълумот сўради. Мутасадди бу бўйича рақамлар тақдим қилинишини маълум қилди.