АҚШ элчихонаси ахборотида айтилишича, дипломатик миссия Иркутск вилоятида одам ўлимига олиб келган ўпка ўлатини юқтириш ҳолати гумон қилинаётганидан, шунингдек, мазкур ҳолат сабабли минтақада жорий этилган карантин чоралари ва шифохоналар ёпилганидан хабардор.

«Ушбу ҳудудда бўлиб турган АҚШ фуқаролари маҳаллий соғлиқни сақлаш органларининг кўрсатмаларига амал қилиши, эпидемиядан жабрланган муассасаларга бормаслиги ҳамда ҳарорат кўтарилиши ёки респиратор аломатлар пайдо бўлганда зудлик билан тиббий ёрдамга мурожаат қилиши лозим», — дейилади АҚШ элчихонаси баёнотида.

Дипломатик миссия АҚШ Давлат департаментининг Россияга сафар қилишдан тийилиш ҳақидаги амалдаги тавсиясини эслатди. Мазкур тавсия аввалроқ, жумладан, ноқонуний ҳибсга олиниш хавфи ҳамда хавфсизликка таҳдидлар кучайгани сабабли эълон қилинган эди.

Доналд Трамп 6 октябрь куни Владимир Путин билан Иркутск вилоятидаги вазиятни телефон орқали муҳокама қилмоқчи эканини маълум қилди. АҚШ президентининг сўзларига кўра, ушбу мулоқот «яқин орада» бўлиб ўтиши режалаштирилган. Ҳафта бошида Трамп АҚШ Иркутск вилоятида «юз бераётган воқеаларни жуда диққат билан кузатиб бораётгани»ни айтган эди.

«Биз бу ҳақда хабар топдик, улар [Россия ҳукумати] буни пневмония деб атамоқда. Илгари пневмонияни даволаш осонроқ кечарди, аммо микроб ва бактериялар ҳаддан ташқари кучайиб кетди», — деди Трамп журналистларнинг саволларига жавоб берар экан. У, шунингдек, АҚШ касаллик тарқалишига қарши курашишда Россияга зарур ёрдамни кўрсатишга тайёрлигини таъкидлади.

Европада ҳам Сибирдаги ўлат эпидемияси эҳтимолини диққат билан кузатишмоқда. Еврокомиссия ва Европа Иттифоқи давлатлари вакиллари йиғилишда Иркутск вилоятида ўпка ўлати тарқалиши эҳтимолини муҳокама қилиш ниятида. Брюсселда Соғлиқни сақлаш хавфсизлиги қўмитасининг йиғилиши белгиланган бўлиб, унинг кун тартибига Сибирдаги вазият тўғрисидаги банд ҳам киритилган эди.

ЖССТ «қўшимча маълумот» кутмоқда

Сибирдаги лаборатория ходимининг ўлими унинг вафотига айнан ўлат сабаб бўлиши мумкин деган хавотирларни уйғотди, де, хабар берди ЖССТ матбуот котиби Кристиан Линдмайер журналистларга.

У «ўта хавфли инфекция»дан кўз юмган аёл хавфли патогенларни, шу жумладан, ўлатни ўрганувчи ташкилотда ишлаганини алоҳида таъкидлади.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) раҳбари Тедрос Аданом Гебрейесус ташкилот ҳозирча касаллик тарқалиши хавфини паст деб баҳолаётганини билдирди: «бу хавф Иркутск учун паст, умуман Россия учун паст ва ЖССТ Европа минтақаси учун ўта паст». Шу билан бирга, у ушбу баҳолаш Иркутск вилоятида юз берган ҳодиса ҳақида тўлиқ бўлмаган маълумотларга асосланганини қайд этди.