Санкт-Петербург шаҳрида ҳар йили ўтказиладиган “Алвон елканлар” (“Алые паруса”) байрами одатда Россиянинг ўзидаги мактаб битирувчилари учун мўлжалланган тадбир сифатида танилган. Бироқ 2025 йилда бу байрам доирасида Ўзбекистондан ҳам, хусусан Самарқанд вилоятидан мактаб ўқувчиларини таклиф қилиш масаласи кун тартибига қўйилган.

Россия томони йўллаган расмий таклиф хатига кўра, Самарқанд вилоятидан 9-11-синф ўқувчиларидан иборат делегация 2025 йил 28 июн куни бўлиб ўтадиган байрамда иштирок этиши кўзда тутилган.

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги бу таклифни вилоят ва шаҳар ҳокимликларига етказар экан, иштирокчилар рўйхатини шакллантиришда муҳим тавсияни ҳам алоҳида белгилаб ўтган: таълимда юқори натижа кўрсатиб келаётган, миллий ва халқаро фан олимпиадаларида ғолиб ёки фаол иштирок этган ўқувчиларга устуворлик бериш лозим.

Шундан кейин Самарқанд вилояти Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси бу сафар масаласида Ўзбекистон Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигига мурожаат йўллаб, Россия томони таклиф этган квота доирасида 14 нафар юқори синф ўқувчиси ва 1 нафар масъул ходим рўйхатини шакллантириш учун розилик сўраган. Ҳужжатларда вазирлик розилиги олинган тақдирда, иштирокчилар рўйхати вилоят ҳокимлигига тақдим этилиши белгиланган.

Telegram'даги Samarqand_LIVE каналининг ёзишича, иштирокчилар рўйхатида Самарқанд вилояти Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси раҳбари Музаффар Ҳамдамовнинг 2014 йилда туғилган ўғли ва 2011 йилда туғилган жияни ҳам бўлган. Шунингдек, бошқарманинг айрим бўлимлари раҳбарлари ва масъул ходимларининг фарзандлари ҳам мазкур сафарда иштирок этгани айтилмоқда.

Манбага кўра, бу ўқувчиларнинг бирортаси халқаро фан олимпиадаларида иштирок этмаган, ҳатто айримлари туман ёки шаҳар босқичида ҳам қатнашмаган.

“Дастлабки суриштирувимизга кўра, ҳатто айрим ўқувчиларнинг давомати паст бўлиб, мактабда яхши ўқимайдиган таниш-билиш ва қариндош болалар юборилган”, – деб ёзади Samarqand_LIVE.

Вилоят мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси ҳолатга муносабат билдирди. Унга