Жамият | 16:39 / 08.10.2025
33538
2 дақиқада ўқилади

Кўмир учун кураш: Бойсунда кўмир тарқатиш пунктида талатўп юзага келди

Тармоқларда Сурхондарё вилоятининг Бойсун туманида кўмир учун юзага келган навбат ва бунинг оқибатида юз берган талатўп акс этган видео тарқалди.

Фото: Видеодан кадр

Сурхондарё вилоятининг Бойсун туманида табиий газ етиб бормаган олис ҳудудларда яшовчи аҳолига кўмир етказиб беришда муаммолар борлиги айтилмоқда. Kun.uz'га бу борада мурожаат келиб тушди.

Унда таъкидланишича, видеодаги талатўп “кўмир вақтида етказиб берилмагани” ортидан вужудга келган. Таъкидланишича, кўмир Ангрен шаҳридан олиб келинади, бироқ у вақтида келмагани учун навбатлар пайдо бўлган.

 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 

A post shared by Kun.uz (@kun.uz)

“Совуқ кунлар яқин, одамлар саросимада. Бойсун туманида кўп жойларга газ етиб бормаган. Шунинг ҳисобига одамлар қишни кўмир билан ўтказади. 

Ҳафтасига 3-4 вагон келади. Аҳоли кўп, бу етмаяпти. Аслида масъуллар бу ишларни олдинроқ — ёз ойларида қилиши керак эди.

Ўтган йили шундай ҳолатда кўмир талашиб, бир-бирини кетмон билан урганлар бор”, — дейилади мурожаатда.

Ҳозирча туман ва вилоят расмийлари мазкур ҳолатга изоҳ бергани йўқ.

Маълумот учун, Ўзбекистондаги энг йирик иккинчи кўмир кони — Шарғун Сурхондарё вилоятида жойлашган. Унинг захираси 36 млн тонна эканлиги айтилади.

Аввалроқ президент Шавкат Мирзиёев республикада куз-қиш мавсумига тайёргарлик юзасидан ўтказилган йиғилишда аҳолига омборлардаги 27 минг тонна тарқатилмай қолган кўмирни тарқатиш ҳақида топшириқ берганди. Шунингдек, давлат раҳбари маъсулларга куз-қиш мавсумида истеъмолчиларга 330 минг тонна суюлтирилган газни тўлиқ етказишни топширганди.

Тайёрлаган:  Асрор Абдуназаров

Мавзуга оид