Ҳаёт Илёсович Иноғомов Тошкент шаҳри Чилонзор тумани ҳокими этиб тайинланди.

Ҳаёт Иноғомов 1986 йилда Тошкент шаҳрида туғилган. 2006 йилда Тошкент автомобил йўллари институтини, 2008 йилда эса мазкур институт магистратурасини тамомлаган.

Меҳнат фаолияти давомида транспорт ва йўл инфратузилмаси ҳамда давлат бошқаруви тизимида қатор масъул лавозимларда фаолият юритган, жумладан, Тошкент шаҳри ҳокими ўринбосари – Тошкент шаҳар каналлардан фойдаланиш ва уларга туташ ҳудудларни ободонлаштириш бошқармаси бошлиғи бўлиб ишлаган. 2020 йил ноябрида Янгиҳаёт туманига ҳоким этиб тайинланганди.

  • Чилонзор туманига 2022 йил августидан буён Саидқаҳҳор Холхўжаев раҳбарлик қилаётганди. У Инвестициялар, саноат ва савдо вазири ўринбосари лавозимини эгаллаши кутилмоқда.

Лазизбек Пўлатович Темиров Ҳаёт Иноғомов ўрнига Янгиҳаёт туманининг янги ҳокими бўлди.

Лазизбек Темиров 1989 йил Фарғона вилояти Фарғона туманида туғилган. 2012 йилда Тошкент давлат иқтисодиёт университетини, 2021 йилда эса мазкур университет магистратурасини тамомлаган.

Меҳнат фаолияти давомида иқтисодиёт ва давлат бошқаруви тизимида қатор масъул лавозимларда ишлаган. 2024 йилдан Яшнобод тумани ҳокимининг молия-иқтисодиёт ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича биринчи ўринбосари – туман иқтисодиёт ва молия бўлими бошлиғи лавозимида фаолият юритган.

Абдулазиз Аҳатович Абдулҳаков Яшнобод тумани ҳокими лавозимига тасдиқланди.

У 1980 йилда Тошкент шаҳрида туғилган. 2006 йилда Тошкент давлат техника университетини тамомлаган.

Меҳнат фаолияти давомида ҳокимлик тизимида қурилиш, архитектура ва коммунал хўжалик соҳаларида бир қатор масъул лавозимларда ишлаган.