15 январ куни Абу-Даби шаҳридаги «Қаср аш-Шати»қароргоҳида Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ва Бирлашган Араб Амирликлари президенти Шайх Муҳаммад Ол Наҳаён тор доирада ҳамда расмий делегациялар аъзолари иштирокида музокара ўтказди.

Учрашув аввалида Ўзбекистон президенти БАА президентига ташриф билан келиш таклифи ва самимий қабул учун миннатдорлик билдирди ҳамда «Абу-Даби барқарор ривожланиш ҳафталиги» муваффақиятли ўтказилгани билан табриклади.


Давлат раҳбарлари Ўзбекистон-БАА дўстлик ва кўп қиррали ҳамкорлик муносабатларини, шу жумладан, сиёсат, савдо-иқтисодиёт, инвестиция, инновация, маданий-гуманитар ва бошқа устувор соҳаларда янада ривожлантиришнинг муҳим масалаларини муҳокама қилган.
Ўзбекистон ва Амирликлар халқларини муштарак тарихий илдизлар, ўхшаш анъана ва қадриятлар, муқаддас ислом дини чамбарчас боғлаб тургани таъкидланди.
Ўзбекистон етакчисининг БААга ташрифи икки томонлама муносабатлар тарихида янги саҳифа очаётгани - улар стратегик шериклик даражасига кўтарилаётгани қайд этилди.

Сўнгги йилларда товар айирбошлаш ва инвестициялар ҳажми, қўшма корхоналар сони бир неча баробар ошди. Тўғридан-тўғри авиақатновлар сони кўпайди, визасиз тартиб жорий қилинди.
Ташриф доирасида БААнинг етакчи компаниялари билан янги, асосан юқори технологик тармоқларда лойиҳалар портфели шакллантирилди.
Сиёсий алоқаларни янада мустаҳкамлаш мақсадида икки мамлакат ташқи ишлар вазирликлари ўртасидаги мулоқотни янада ривожлантириш муҳимлиги таъкидланди.
Етакчилар иқтисодий ҳамкорликнинг янги моделини, жумладан сунъий интеллект, рақамлаштириш, «яшил» энергетика, шаҳарсозлик ва инфратузилма, туризм, хусусий бизнес каби 6 та асосий йўналишни белгилаб олдилар. Ҳар бир устувор соҳа бўйича алоҳида ишчи гуруҳлар ташкил этишга келишилди.
Томонлар 2025-2027 йилларни «Ўзбекистон ва БАА ўртасидаги иқтисодий ҳамкорликнинг янги даври» деб эълон қилиш таклифини қўллаб-қувватладилар.
















