Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
“Credit House” иши судга оширилди: 9 киши айбланмоқда
Тошкентда осон шартлар билан уй олиб беришни ваъда қилган “Credit House” ва “In Fin Strоy Invest” билан боғлиқ жиноят иши юзасидан тергов ҳаракатлари якунланиб, иш мазмунан кўриб чиқиш учун судга юборилди. Маълум бўлишича, иш доирасида айбланаётганлар 9 киши. Жабрланувчиларнинг аниқ сони ва етказилган зарар миқдори ҳақида аниқ маълумот йўқ.
Тошкент шаҳрида осон шартларда уй олиб беришни ваъда қилган “Credit House” иши бўйича дастлабки тергов ҳаракатлари якунланиб, иш мазмунан кўриб чиқиш учун Тошкент шаҳар судига юборилди. Бу ҳақда Kun.uz манбаси хабар бермоқда.
Бош прокуратуранинг жиноят ишини судга юбориш ҳақидаги хатидан (2025 йил 8 ноябр) маълум бўлишича, иш доирасида 9 киши айбланган.
Жумладан, Бахтиёр Амзаев, Дмитрий Баженов, Робия Галямова, Клара Талипова, Ғайрат Миркамалов ва Баҳром Ҳикматуллаев Жиноят кодексининг 168-моддаси 4-қисми “а,в” бандлари (уюшган гуруҳ томонидан жуда кўп миқдорда фирибгарлик), 170-моддаси 2-қисми “а,в” бандлари (мулкий зарар етказиш), 177-моддаси 4-қисми “а,б” бандлари (жуда кўп миқдорда валюта қимматликларининг қонунга хилоф муомаласи), 178-моддаси 3-қисми (чет эл валютасини яшириш), 184-моддаси 3-қисми (жуда кўп миқдордаги солиқлар ёки йиғимларни тўлашдан бўйин товлаш), 189-моддаси (савдо ёки хизмат кўрсатиш қоидаларини бузиш), 192¹¹-моддаси 2-қисми “а,б” бандлари (нодавлат тижорат ташкилотида ёки бошқа нодавлат ташкилотида мансабдор шахслар томонидан ўз ваколатларини суиистеъмол қилиш) ва 243-модда (жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш) билан айбланган.
Шунингдек, Алишер Шамсиддиновга Жиноят кодексининг 168-моддаси 4-қисми “а,в”, 170-модда 2-қисми “а,в”, 177-моддаси 4-қисми “а,б”, 192¹¹-моддаси 2-қисми “а,в” ва 243-модда билан, Шоира Раҳимова ва Шухрат Маҳамадовга Жиноят кодексининг 168-моддаси 4-қисми “а,в”, 170-модда 2-қисми “а,в”, 177-моддаси 4-қисми “а,б”, 178-модда 3-қисми, 192¹¹-моддаси 2-қисми “а,в”, 243-модда бандлари бўйича айблов эълон қилинган.
Тергов якуни бўйича батафсил маълумот Kun.uz ихтиёрида мавжуд эмас. Таҳририятнинг бу ҳақида маълумот сўраб аввалроқ ички ишлар вазирлигига йўллаган сўрови жавобсиз қолдирилганди.
Эслатиб ўтамиз, “Credit House” номи остида фаолият юритиб, осон шартларда уй-жой олиб беришни ваъда қилган фирмадан минглаб фуқаролар алданиб қолгани шу йил март ойига келиб маълум бўлганди.
ИИВнинг “Криминал” дастурида эълон қилинган дастлабки маълумотда 860 нафардан ортиқ фуқаро жабрланувчи сифатида эътироф қилинган ва аниқланган зарар миқдори 182 млрд сўм экани айтилганди.
Кейинроқ “Credit House” ва “In Fin Strоy Invest” МЧЖ иши бўйича тезкор махсус штаб тузилиб, жиноят иши тергови ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти иш юритувига олинганди.
Kun.uz хорижий ОАВга таяниб, жиноят ишининг асосий фигурантларидан бири Дмитрий Баженов ҳақида ҳам материал эълон қилганди. Унда айтилишича, Баженов ўзининг камерадоши ўрнига суд мажлисида қатнашиб, 2009 йил июлида Москвадаги №4 тергов изоляторидан қочиб кетади. Дмитрий Баженов тахминан бир йил давомида эркинликда юрган. 2010 йил 12 август куни у Москвадаги “Пролетарская” метро бекати ёнида ҳуқуқ-тартибот органлари томонидан қўлга олинган. Мазкур шахс “Credit House”нинг қамоққа олинган мансабдори бўлиб чиқди.
Kun.uz манбаларининг айтишича, судга юборилган жиноят иши доирасида жабрланувчилар сони бир неча мингни ташкил этиб, етказилган зарар миқдори 1 трлн сўмдан ошган бўлиши мумкин.
Мавзуга оид
08:41
Тошкентда 115-сонли автобус йўналиши янгиланди
09:34 / 04.12.2025
Тошкентда йўлларни ифлослаган юк машиналари бўйича рейдлар кучайтирилди
18:21 / 03.12.2025
Тошкентда тирбандликни камайтириш мақсадида йўл ҳаракатини ташкил этиш маркази очилади
11:34 / 03.12.2025