Жамият | 15:37 / 09.10.2025
19444
5 дақиқада ўқилади

“Ҳали кўп далилларни ошкор қилмадим” – Гулираъно Қосимова иши бўйича суд жараёни бошланди

Фарғонада ИИБ ходимлари томонидан таҳқирланган Гулираъно Қосимова иши доирасида суд жараёнлари бошланди. Фурқат тумани ИИБнинг собиқ бошлиғи Акмал Хўжаев ва унинг биринчи ўринбосари Жасур Расуловга нисбатан қўзғатилган жиноят иши ЖИБ Қува туман судида кўриб чиқилмоқда. Kun.uz мухбири суд мажлисида иштирок этиб, репортаж тайёрлади.

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

8 октябр куни жиноят ишлари бўйича Қува туман судида Фурқат тумани ИИБнинг собиқ амалдорларига нисбатан қўзғатилган жиноят иши доирасида суд мажлиси бўлиб ўтди. Жиноят иши ЖИБ Қува тумани суди раиси Авазбек Раҳимов раислигида кўриб чиқилмоқда. Очиқ суд мажлисида аудио ва видеога олишга рухсат берилмади.

Суд мажлисида Қува тумани прокурори катта ёрдамчиси Аюбхон Умаралиев томонидан айблов хулосаси ўқиб эшиттирилди. Жабрланувчининг кўрсатувлари тингланди.

Суд жараёнидан сўнг Гулираъно Қосимова ҳамда уни ҳимоя қилаётган адвокат Абдуқаҳҳор Маҳмудов Kun.uz’га интервю берди.

Гулираъно Қосимова суддан адолат кутаётганини, бошига тушган мусибатларни ҳатто душманига ҳам раво кўрмаслигини таъкидлаб ўтди. Аёлга кўра, у ушбу ҳолат бўйича Фарғона вилояти ИИБ бошлиғига мурожаат қилган, аммо натижа бўлмаган.

Суддан фақат адолат кутяпман. Бошимга тушган мусибатлардан кейин жамиятимизда аёл киши шунчалик таҳқирланиши мумкинми, деб ўзимга ўзим кўп маротаба савол бердим. Аллоҳга шукр, Ўзбекистонда аёлларга нисбатан адолат борлигини ҳис қилдим. Ҳолатга Парламентимиз, Сенатимиз эътибор қаратди. Бунинг учун шу жараёнга бефарқ бўлмаган ҳар бир инсонга ўз миннатдорлигимни билдираман.

Фақатгина адолат учун курашмоқчиман. Ҳеч қайси аёл ноҳақликдан додлаб йиғламасин, тунлари Худога илтижо қилмасин, юзи шувут бўлмасин, ҳеч кимнинг оиласи бузилмасин.

Нима учун халққа мурожаат қилдим? Нима учун оммага юзимни кўрсатиб чиқдим? Чунки ишонаманки, давлатимизда адолат қарор топади, бунга умид қиламан. Ва мана шу суд жараёнлари ҳам одил ўтишини истайман. Ҳозир суд жараёни кетаётгани сабабли кўплаб далилларни ошкор қилмаяпман. Лекин суд якунидан кейин ҳар битта далилни оммага тақдим этаман.

Бошимга мусибатлар тушгач, адолат излаб кўп марта Тошкентга қатнадим. Пойтахтга бориб республика бош прокурори билан кўришолмай келдим. Ички ишлар бошқармаси бошлиғига ҳам мурожаат қилганман. Лекин натижа бўлмаган. Kun.uz таҳририятига раҳмат айтаман. Видеоматериал сабабли энди менинг додимни ҳамма эшитди”, дейди Гулираъно Қосимова.

Гулираъно Қосимованинг адвокати Абдуқаҳҳор Маҳмудов ҳам суд адолатли ҳукм чиқаришига ишонишини маълум қилди.

Жабрланувчилар Гулираъно Қосимова, Қурбонали Абдураҳмоновга нисбатан қилинган ички ишлар ходимларининг ғайриқонуний ҳаракатлари натижасида жиноий иш қўзғатилиб, прокуратура томонидан тергов олиб борилди. Мана, тергов ҳам якунланиб, Фурқат туманининг собиқ ички ишлар бўлими бошлиғи, биринчи ўринбосари айбланиб, иш жиноят судига кўриб чиқиш учун юборилган. Бугундан суд жараёни бошланди.

Одил судловга ишонамиз. Одил судлов адолатли ҳукмини чиқаради. Оммага эълон қилади. Очиқ суд мажлиси ўтказишга келишилди. Жамоатчилик назоратига ҳам рухсат берилди. Суддан адолатли қарор кутяпмиз. Ишонамизки, Ўзбекистонда қонун устуворлиги таъминланган, адолатли ҳукм чиқарилишига умид қиламиз”, дейди у.

Жиноят иши бўйича кейинги суд мажлиси 15 октябр куни ўтказилиши белгиланди.

Эслатиб ўтамиз, Kun.uz олдинроқ Фурқат туманида мактаб директори бўлган Гулираъно Қосимова билан содир бўлган ҳолат ҳақида суриштирув эълон қилганди. Унда Фурқат тумани ИИБ ходимлари аёлни калтаклаб, кийимларини йиртиб, яланғоч ҳолда тасвирга олгани ҳақида гап боради. Ҳолат Сенат қўмитаси томонидан назоратга олинган. Омбудсман Фурқат тумани ИИБнинг 4 нафар масъул ходими жиноий жавобгарликдан озод этилганини маълум қилиб, ҳолатга алоқадор бўлган ҳар бир шахснинг қилмиши тўлиқ ва холисона ўрганилиши таъминланишини сўраган.

Мавзуга оид:

Сарвар Зиёев,
Kun.uz
Оператор ва монтажчи – Сардор Мамиров.

Муаллиф:  Сарвар Зияев

Мавзуга оид