Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
“Болалар мунтазам қийнаб келинган” – Тошкентдаги хусусий боғчада тарбиячи йиғлаётган бола оғзига латта тиқди
Учтепа туманидаги Rayan Kids боғчасида тарбиячи болаларни турли хил усулларда қийнаб келгани айтилмоқда. Фарзанди жароҳатланган оталардан бири боғчада кузатув камераларидан пана жойлар борлигини, хархаша қилган болалар ўша ерда жазоланишини даъво қиляпти. 2 ой аввал ҳам ушбу боғча тарбиячиси болага енгил тан жароҳати етказгани учун маъмурий жазога тортилганини аниқланди.
Учтепа туманида жойлашган Rayan Kids хусусий мактабгача таълим ташкилотида болалар турли хил усулларда қийнаб келингани айтилмоқда. Kun.uz’га боғчадаги кузатув камералари ёзувлари келиб тушди.
Бола оғзига латта тиққан
Видеоёзувлардан бирида тарбиячи йиғлаётган боланинг оғзига латта бўлагини тиққани кўринади. Яна бир ҳолатда эса айни шу тарбиячи боланинг оғзига бармоғини тиқиб олгани тасвирларга тушиб қолган.

Яна бир видеода эса тарбиячи йиғлаётган боланинг бош қисмини кўксига босиб, уни қийнагани кўринади.
“Мунтазам қийнаб келишган”
Kun.uz жароҳатланган боланинг отаси билан боғланиб, ҳолат бўйича сўради. Отанинг айтишича, “рекламада бошқача, боғча ичидаги вазият эса даҳшатли”.
“Рекламасига ишониб, боламни шу боғчага бергандим. Ҳали гапиролмайди, кичик ёшда. Қоп-қоп ваъдалар қилишганди, аммо вазият умуман бошқача бўлиб чиқди.
Ўғлим ўз-ўзидан йиғлайдиган, қўрқиб, қалтираб қоладиган бўлди. Аввалига танасининг айрим жойларида кичик кўкаришлар кўрдик. Кейин бундай жароҳатлар кўпайди. Боғчадаги кузатув камералари ёзувларини кўрсатишни талаб қилдим. Уларни кўриб эса даҳшатга тушдим: болаларни мунтазам қийнаб келишган экан.
Боламнинг оғзига латта тиқибди, чимчилаб ҳамма жойини кўкартириб ташлабди. Ҳозир экспертизага берганмиз, ИИБга ҳам мурожаат қилдим”, дейди ота.


Бу биринчиси эмас
Аввалроқ Rayan Kids боғчасининг бошқа тарбиячиси ҳам болага жароҳат етказгани учун маъмурий жазога тортилган. Kun.uz суд қарори билан танишди.
Суд ҳужжатига кўра, 44 ёшли тарбиячи 13 март куни боланинг оёқларини куч билан тортиб, унга енгил жароҳат етказган. Тарбиячи судда қилмишидан пушаймонлигини айтган. Боланинг онаси тарбиячига қонуний чора кўришни сўраган.
ЖИБ Учтепа туман судининг 2026 йил 7 майдаги қарори билан тарбиячи БҲМнинг 3 баравари (1 млн 236 минг сўм) миқдорида жаримага тортилган.
Вазирлик муносабати
Ҳолат юзасидан Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги расмий муносабат билдирди.
Маълум қилинишича, ҳолат вазирлик томонидан назоратга олинган, ҳуқуқ-тартибот органлари масъуллари таркибида ишчи гуруҳ тузилган.
“Воқеанинг барча тафсилотларига аниқлик киритилади ва тегишли тартибда ушбу ҳолатда касб этика қоидаларига риоя этмаган, ҳолатга жавобгар бўлган барча мактабгача таълим ташкилоти ходимларига қонун доирасида чора кўрилади”, дейилади муносабатда.
Шунингдек, вазирлик лицензия талабларига жавоб бермайдиган ҳар қандай мактабгача таълим ташкилотларининг лицензиясини бекор қилиш юзасидан тегишли чоралар кўрилишини билдирган.
Мавзуга оид
17:43 / 23.06.2026
Тошкентнинг 4 та туманида солиқ инспекциялари раҳбарлари ўзгарди
09:30 / 17.06.2026
Тошкентда Lacetti ва BYD тўқнашуви оқибатида уч киши ҳалок бўлди
09:17 / 11.06.2026
Профессордан тарбиячигача: педагогик лавозимлар рўйхати белгиланди
08:58 / 03.05.2026