2021 йилгидан ҳам кўпроқ

Демак Россия Марказий сайлов комиссияси раҳбари Элла Памфилова 95 фоиз овозлар ҳисоблаб бўлинган бир вақтда «Единая Россия» 57,83 фоиз, «Коммунистик партия» 13,81 фоиз, ЛДПР 8,98 фоиз, «Новие люди» 7,96 фоиз, «Справедливая Россия» 4,96 фоиз овоз олганини эълон қилди. Кейинроқ «Справедливая Россияга» яна 0,4 фоиз қўшилди ва бу партия ҳам парламентга кирадиган бўлди.

Бир мандатли округларда ҳам Путиннинг партиясига ҳеч ким рақобат қила олмади: 225 округдан 208 тасида «Единая Россия» номзодлари ғолиб бўлган. Шу тариқа «Единая Россия» мамлакат парламентидаги 450 ўриндан камида 355 тасига эгалик қилади, бу – мутлоқ рекорд. Партия 2016 йил 343 та ўринга эга бўлганди. Конституцион кўпчилик учун 301 овознинг ўзи кифоя эди. Коммунистлар Думада 40 та, Жириновскининг ЛДПРчилари 25 та, «Новие люди» 20 та ўринга эга бўлади.

Сайлов Украинадаги Россия босиб олган регионлар Донецк, Луҳанск, Запорижжя, Херсон ва табиийки Қримда ҳам ўтказилди. Россия ўз конституциясига киритиб олган бу ҳудудларда овоз бериш жараёнлари қандай ўтгани алоҳида жанр. Россия давлат нашрлари бу йил ҳукмрон «Единая Россия» 2021 йилдагига қараганда кўпроқ овоз олгани, давомат Украина ҳужумларига қарамай рекорд даражада бўлганига урғу бермоқда. Чунки Кремл учун уруш даврида Путинга, унинг партиясига ишонч ошди, буни овозлардан ҳам кўриб олинг, деган фактни кўрсатиш жуда муҳим эди.

Овоз бериш жараёнлари бу гал ҳам кулгили воқеаларсиз ўтмади. Бир нечта участкаларда ходимлар кўплаб бюллетенларни урнога ташлаган ҳолатлар учради, назоратчилар ёппасига участкаларга қўйилмади. Ёши катта сайловчилар электрон овоз беришни истамай, қоғозли бюллетен беришларини талаб қилди. Интернет давлат ишчиларига «Единая Россияга» овоз беришмаса, ишдан ҳайдалиши айтилгани ҳақида видеоларга тўлди. Хуллас, сайлов кутилганидек ўтди. Ҳаммаси жойида, «Единая Россия»га, бу орқали Путинга ишонч ортган, россияликлар ҳукмрон партияга уруш даврида янада кўпроқ ишона бошлаган!

Қодировда 99,85 %

Лекин бу ҳали ҳаммаси эмас. Сайловлардаги энг асосий интригалардан бири Рамзан Қодиров нечи фоиз овоз тўплаб қайта сайланиши эди. 11 ра регионда, хусусан, Чеченистонда ҳам ҳудудий раҳбарлик учун сайлов ўтказилди. Аксар ўзбекистонликлар яхши кўрадиган Рамзан Қодиров 99,85 фоиз овоз олди. Рамзан Ахматович ҳеч қачон бу қадар кўп овоз олмаган, олдинги сайловларда унга 97,94 ва 99,7 фоиз сайловчилар овоз берганди. Аммо барибир бу мутлоқ рекорд эмас. 2014 йил Шимолий Корея лидери Ким Жон Ун 100 фоиз овоз олган.

Энди сафарбарликми?