АҚШ давлат котиби Марко Рубио Марказий Осиё мамлакатлари ташқи ишлар вазирлари учрашувида иштирок этиш учун Самарқандга йўл олди. Рубиога минтақага, жумладан, муҳим фойдали қазилмаларни қазиб олиш ва қайта ишлашга сармоя киритишдан манфаатдор бўлган 200 дан ортиқ америкалик ишбилармонлар ҳамроҳлик қилмоқда.

«Ҳозиргина Трамп маъмуриятининг мамлакатимиз учун иқтисодий имкониятларини таъминлашни давом эттириш мақсадида Ўзбекистонга сафаримни бошладим», дея ёзган унинг ўзи X ижтимоий тармоғидаги саҳифасида.

У сафарга чиқишдан олдин аэропортда журналистлар билан мулоқот қилди ва Марказий Осиёга ташрифи сабаблари ҳақидаги саволга ҳам жавоб берди.

«Бу шу етакчилар учун маъқул келган вақт бўлди. Бу ерда гап фақат Ўзбекистон ҳақида эмас, Марказий Осиёнинг бошқа тўртта мамлакати ҳақида ҳам кетмоқда», – деди у бунга жавобан.

Рубио глобал инқирозлар туфайли муҳим стратегик ташрифлар ортга сурилиб кетиши, бироқ Вашингтон ҳамкор мамлакатлар билан муносабатларни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратаётганини таъкидлаган.

«Бу жуда муҳим муносабатлар. Қаердадир инқироз, муаммо чиқса ёки конференция бўлса, ҳамиша ўша ерга шошиламиз ва оқибатда стратегик ташрифларимиз бундан азият чекади. Лекин муносабатларимизни мустаҳкамлашни истаганимиз учун боргимиз келадиган мамлакатлар ҳам бор. Бир неча ҳафта олдин Грецияга, ундан олдин Лотин Америкасига, энди эса Марказий Осиёга», – деган у.

Самарқандда 19 октябр куни «С5+1» форматида Марказий Осиё мамлакатлари ва АҚШ ташқи сиёсий идоралари раҳбарларининг учрашуви бўлиб ўтади.

Учрашувда Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистон ташқи ишлар вазирлари ҳамда АҚШ давлат котиби Марко Рубио иштирок этади.

Шу куни Ўзбекистон ТИВ раҳбари Бахтиёр Саидов ва Марко Рубио икки мамлакат ўртасидаги кенгайтирилган стратегик шериклик мулоқотининг биринчи даврасини ўтказади.

Томонлар стратегик шерикликни чуқурлаштириш, сиёсий, савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорликни кенгайтириш ҳамда минтақавий ва халқаро масалаларни муҳокама қилади.

Шунингдек, АҚШ ва Марказий Осиё мамлакатлари ишбилармон доиралари вакиллари иштирокида учрашувлар ўтказилиши режалаштирилган.

Самарқанддаги учрашувлардан сўнг АҚШ Давлат котиби Ҳиндистонга йўл олади.