Ўзбекистон | 12:59 / 06.02.2026
1053
3 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон–Покистон: савдо, инвестиция ва логистика бўйича янги “йўл харитаси” тайёрланади

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 6 феврал куни Исломободга давлат ташрифининг ишбилармонлик дастури доирасида Покистон бош вазири Шаҳбоз Шариф билан биргаликда қўшма бизнес форумида қатнашди. Форумда иқтисодий ҳамкорликка янги сифат бағишлаш ва ўзаро савдо ҳажмини 2 миллиард долларга етказишни мақсад қилган баённома имзоланди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Тадбирда икки мамлакатнинг 300 дан ортиқ етакчи саноат корхоналари ва савдо компаниялари, тармоқ ташкилотлари ҳамда ишбилармон доиралар вакиллари иштирок этди. Покистон томонидан PEL, Waves Singer, Fauji, Engro, Fatima Group, Pakistan Steel Mills, Fast Cables каби йирик компаниялар ҳам қатнашди.

Давлат раҳбари ўз нутқида олий даражадаги музокаралар Ўзбекистон–Покистон муносабатларини, айниқса савдо-иқтисодий ва инвестициявий йўналишларда ривожлантиришда янги босқични бошлаб берганини таъкидлади. Шунингдек, ҳамкорлик тарихида илк бор иқтисодий шерикликни чуқурлаштириш ва савдо ҳажмини 2 млрд долларга етказишни кўзда тутувчи баённома имзолангани қайд этилди.

Икки мамлакат мутасаддиларига ҳамкорлик бўйича комплекс “йўл харитаси” ишлаб чиқиш ҳамда юзага келадиган масалаларни тезкор ҳал этиш механизмини жорий қилиш топширилди.

Президент иқтисодий шерикликнинг устувор йўналишларини санаб ўтди. Жумладан, фармацевтика ва тиббиёт, енгил саноат, кон-металлургия ва геология, озиқ-овқат хавфсизлиги соҳаларида ҳамкорликни кенгайтириш муҳим экани таъкидланди. Покистон компаниялари Ўзбекистонда дори воситалари, биотехнологиялар ва тиббий асбоб-ускуналарни маҳаллийлаштириш лойиҳаларига таклиф этилди. Тошкент фармацевтика паркида покистонлик инвесторлар учун қулай шароитлар яратилиши айтилди.

Енгил саноатда халқаро брендлар учун тайёр тўқимачилик маҳсулотларини биргаликда ишлаб чиқаришда катта салоҳият борлиги қайд этилди. Ўзбекистон томони тўқимачилик корхоналарини ишончли бошқарувга бериш, шунингдек покистонлик ҳамкорлар учун алоҳида чарм саноати зоналарини ташкил этишга тайёр экани билдирилди.

Қишлоқ хўжалигида гўшт, картошка ва гуручни биргаликда етиштириш, уруғчилик ва селекция йўналишида Покистон Миллий геномика институти билан шериклик истиқболларига эътибор қаратилди.

Транспорт-логистика соҳасида ўзаро боғлиқликни кучайтириш савдо ҳажмини оширишнинг муҳим шарти экани таъкидланди. “Покистон–Хитой–Қирғизистон–Ўзбекистон” йўналиши бўйлаб юк ташиш йўлга қўйилгани, Лаҳор ва Исломободга авиақатновлар амалга оширилаётгани, Трансафғон темирйўли лойиҳаси илгари сурилаётгани айтилди. Апрел ойидан Карачига юк рейслари ва Лаҳорга тўғридан тўғри йўловчи рейслари йўлга қўйилиши режалаштирилган.

Ҳудудлар ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлаш мақсадида жорий йилда биринчи ҳудудлараро форумни ўтказиш ташаббуси қўллаб-қувватланди.

Тадбир якунида Ўзбекистон етакчиси ва Покистон бош вазири эришилган келишувлар тўғрисида алоҳида баённомани имзолади. Унда амалга ошириш муддатлари ҳамда масъул вазирлик ва идоралар раҳбарлари белгилаб қўйилди. Шунингдек, етакчилар ҳузурида қатор инвестициявий ва савдо-иқтисодий келишувларни алмашиш маросими бўлиб ўтди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров

Мавзуга оид