Навоий кон-металлургия комбинатида яна инсонлар ўлими билан боғлиқ нохуш ҳодиса содир бўлди. Бу ҳақда Kun.uz’нинг комбинатдаги манбаси хабар берди.

Маълум қилинишича, 10 сентябр куни НКМКнинг “Қизилқум” кон бошқармаси таркибидаги Пистали конида қувур ташувчи транспорт шинаси портлаб кетган. Ҳодиса оқибатида икки ишчи ҳалок бўлган. Шунингдек, яна бир неча киши турли даражада тан жароҳати олган.

Бу комбинатда сўнгги 2 ойда инсонлар ўлими билан боғлиқ иккинчи ҳодиса: 21 июл куни Мурунтов конида автоағдаргич енгил автомобилни босиб, эзиб ўтиб кетган ва оқибатда 2 нафар ишчи ҳодиса жойида ҳалок бўлганди.

UPD: Навоий кон-металлургия комбинати ҳодиса юзасидан расмий муносабат билдирди. Унга кўра, 10 сентябр куни соат 15:00 ларда “Қизилқум” кон бошқармаси Автомобил транспорти бошқармасининг “Пистали” 1-транспорт цехининг фойдаланишда бўлган автомобил шиналарини сақлаш майдонида қувур ташувчи автомашинанинг тиркамасида шиномонтаж ишларини бажариш вақтида бахтсиз ҳодиса содир бўлган. Оқибатда 2 нафар ишчи-ходим вафот этган.

Ҳолат юзасидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан терговга қадар текширув ишлари олиб борилаётгани, шунингдек, бахтсиз ҳодисанинг содир бўлиш ҳолатлари ва келиб чиқиш сабаблари ўрганилаётгани билдирилган.