Навоий кон-металлургия комбинатига (НКМК) қарашли Мурунтов конида аянчли ЙТҲ содир бўлди. Комбинат матбуот хизмати ҳолат юзасидан расмий муносабат билдирди.

ЙТҲ 21 июл куни соат 5:30 лар атрофида кон ҳудудида «САТ-783» автоағдаргичи ва енгил автомобил (хизмат машинаси) иштирокида содир бўлган. Хизмат машинаси бурилиш жойида «САТ-783» йўлига чиқиб кетгани айтилмоқда.

Screenshot_1

Ижтимоий тармоқларда тарқалган суратларда «САТ-783» енгил автомобилни босиб, эзиб ўтиб кетгани кўринади. Оқибатда унда бўлган 2 нафар ишчи (бири ҳайдовчи) оғир тан жароҳати олиб, ҳодиса жойида ҳалок бўлган.

“Назорат қилувчи давлат ташкилотлари томонидан махсус текшириш олиб борилиб, йўл-транспорт ҳодисасининг содир бўлиш ҳолатлари ва келиб чиқиш сабаблари ўрганилмоқда. Комбинатнинг масъул тегишли хизматлари ходимлари томонидан бундай нохуш ҳодисаларнинг олдини олиш юзасидан қўшимча чора-тадбирлар кўрилмоқда”, дейилади комбинат расмий муносабатида.

Ҳозирда ҳолат юзасидан терговолди суриштирув ҳаракатлари олиб борилмоқда.