Иқтисодиёт | 16:21 / 12.07.2024
3024
2 дақиқада ўқилади

Бюджет маблағларидан фойдаланиш устидан молиявий назорат кучайтирилади

Давлат бюджети ва давлат мақсадли жамғармалари ҳисобидан ҳудудларга тақсимланган маблағлар бўйича маълумотлар тегишли халқ депутатлари кенгашларига тақдим этилади. Ҳар чоракда Ҳисоб палатаси томонидан ўтказилган назорат тадбирлари якунлари бўйича тақдим этилган ахборотлар Ҳукуматнинг мажлисларида муҳокама қилиб борилади.

Президентнинг “Бюджет маблағларидан фойдаланиш устидан молиявий назоратни кучайтириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони қабул қилинди.

Фармонга кўра, қуйидагилар амалга оширилади:

– Ўзбекистоннинг консолидациялашган бюджети ижроси ташқи аудитдан ўтказилади ва натижаси бўйича тегишли хулосалар тайёрланади;

– 2025 йилдан устав фондида (устав капиталида) давлат улуши 50 фоиз ва ундан ортиқ бўлган йирик ташкилотлар фаолиятини аудитдан ўтказиш амалиёти йўлга қўйилади;

– стратегик ва ахборот технологиялари аудити турлари жорий этилади;

Ҳукумат томонидан Ўзбекистоннинг консолидациялашган бюджети ижроси тўғрисидаги йиллик ҳисоботни Ҳисоб палатасига ташқи аудит ўтказиш ва баҳолаш учун ҳисобот йилидан кейинги йилнинг 5 мартигача юбориш тартиби белгиланди.

2024 йилдан Ўзбекистоннинг барқарор ривожланиш соҳасидаги миллий мақсад ва вазифаларига эришиш дастурларининг ижроси ҳар йили Ҳисоб палатаси томонидан баҳолашдан ўтказилади ҳамда натижалари юзасидан Президентга ҳамда Олий Мажлис Қонунчилик палатасига ҳисобот киритилади.

Фармонга мувофиқ, 2025 йилдан давлат бюджети ва давлат мақсадли жамғармалари ҳисобидан ҳудудларга тақсимланган маблағлар бўйича маълумотлар тегишли халқ депутатлари кенгашларига тақдим этилади. Бунда халқ депутатлари маҳаллий кенгашларининг ҳудудларга Давлат бюджети ва давлат мақсадли жамғармаларидан ажратилаётган маблағлар бўйича сўрови ва назорати йўлга қўйилади. Шунингдек, ҳар чоракда Ҳисоб палатаси томонидан ўтказилган назорат тадбирлари якунлари бўйича тақдим этилган ахборотлар Ҳукуматнинг мажлисларида муҳокама қилиб борилади.

2025 йил 1 январдан молиявий ва бошқа хавфларнинг олдини олиш учун Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари, вазирлик ва идоралар, устав фондида (устав капиталида) давлат улуши 50 фоиз ва ундан ортиқ бўлган йирик ташкилотларда уларнинг биринчи раҳбарлари бошчилигида коллегиал асосда “Хавфларни бошқариш” қўмиталари тузилади.

Мавзуга оид