Ўзбекистон | 19:55 / 27.04.2024
29612
11 дақиқада ўқилади

Инвесторга берилган боғлар, Жўраевлар ва Каримовлар оиласида судлар — ҳафта дайжести

Давлат харажатлари инфляцияни, ташқи қарзлар эса доллар курсини оширяпти. Пул ўтказмаларида Россиянинг улуши қисқарган. Гаражида 30 та автомобили бор Қашқадарё ҳокимлиги яна 4 та электромобилга буюртма берди – вилоят аҳолисининг салкам ярми эса ичимлик сувисиз яшаяпти. Ўтган ҳафтанинг шу ва бошқа хабарлари – Kun.uz дайжестида.

Пул ўтказмаларида Россиянинг улуши қисқармоқда

Ўзбекистонда уй хўжаликларининг Россиядан пул ўтказмаларига боғлиқлиги камайишда давом этяпти. Марказий банк раиси Мамаризо Нурмуродовнинг маълум қилишича, йилнинг 1-чорагида Ўзбекистонга хориждан пул ўтказмалари таркибида Россиянинг улуши сезиларли қисқариб, 68 фоизгача тушган. Таққослаш учун, бу кўрсаткич 2022 йил якунларига кўра 87 фоиз бўлган, 2023 йилда эса 78 фоизгача камайган.

Жаҳон банки экспертларига кўра, бундай тенденция Россиядаги ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлари сонининг камайиши, рублнинг сўмга нисбатан қадрсизланиши ва Россияда инфляция тезлашиши билан боғлиқ.

Бу тенденция билан бирга, пул ўтказмаларининг умумий ҳажми ҳам ошяпти. 1-чоракда хорижий мамлакатлардан Ўзбекистонга 2,5 млрд доллар пул жўнатилган, бу – ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 9 фоизга кўп. Маълумот учун, 2023 йил давомида хориждан пул ўтказмаларининг умумий ҳажми 11,4 млрд долларни ташкил қилган.

Иқтисодий тенденциялар

Душанба куни АҚШ долларининг сўмга нисбатан расмий курси илк марта 12700 сўмдан ошди. Йил бошидан ҳисоблаганда сўм долларга нисбатан 2,6 фоизга қадрсизланди. Бу борада изоҳ берган Марказий банк раиси Мамаризо Нурмуродовнинг сўзларига кўра, охирги ойларда доллар курсининг нисбатан тезроқ ошгани талаб ва таклиф мувозанати билан боғлиқ. Хусусан, биринчи чоракда хорижий валютага бўлган талаб 17 фоизга ошган. Ва бу талабнинг ҳаммаси ҳам импорт билан боғлиқ эмас. “Масалан, ташқи қарзлар бўйича тўловларимиз ўтган чоракка нисбатан 34 млн долларга ўсди”, деди Мамаризо Нурмуродов. Маълумот учун, 2024 йилги давлат бюджети қонунига кўра, бу йил давлат қарзларини сўндириш харажатлари салкам 70 фоизга ошади. Қисқасини айтганда, доллар курсининг ошишига ташқи қарзлар ҳам таъсир кўрсатяпти.

25 апрел кунги бошқарув йиғилишида Марказий банк асосий ставкани 14 фоиз даражасида ўзгаришсиз қолдиришга қарор қилди. Нисбатан қаттиқ пул-кредит сиёсатининг давом этиши аввало инфляцион кутилмалар билан боғлиқ. 1 апрелдан қатор товар ва хизматларга ҚҚС имтиёзи бекор қилингани, 1 майдан белгиланаётган энергоресурслар тарифлари кутилганидан юқорироқ экани сабаб Марказий банк 2024 йил учун инфляция прогнозини 8–9 фоиздан 9–11 фоизгача оширди.

Регуляторнинг кутилмаларига кўра, бу ўзгаришларнинг иқтисодиётдаги нархларга таъсири бир марталик характерга эга бўлади ва ўрта муддатли истиқболда инфляциянинг пасаювчи трендига сезиларли таъсир қилмайди. Шу билан бирга, иқтисодий ўсиш бўйича прогноз ҳам бироз пасайтирилди. Унга кўра, 2024 йилда Ўзбекистон ЯИМ ўсиши 5,2–5,7 фоиз оралиғида бўлиши кутиляпти. Йил бошидаги прогноз 5,5–6 фоиз эди. Марказий банк ўз баёнотида яна бир бор таркибий ислоҳотлар заруратини эслатиб ўтди.

Давлат ташкилотларининг iPhone ва электромобил харидлари

Марказий банк раиси пайшанба кунги матбуот анжуманида бюджет дефицити ҳақидаги саволга ҳам жавоб берди. У Марказий банкда давлат харажатларини камайтириш бўйича ҳеч қанақа инструмент йўқлигини айтаркан, регулятор бу борадаги хавотирларини ҳукуматга киритиб боришини таъкидлади. “Давлат харажатларининг юқори даражада ошиши инфляцияга ҳам таъсир қилади”, деди Мамаризо Нурмуродов. Бошқача айтганда, давлат ҳаддан ташқари кўп харажат қилиб юборса, бу нарх-наво ошишига олиб келади.

Ҳукумат охирги 4 йилдан буён рухсат берилганидан кўпроқ харажат қилаётгани ҳақида аввалги дайжестларимизда айтиб ўтгандик. Шуниси маълумки, 2024 йилнинг биринчи чорагида ҳам харажатлар қисқармаган, давлат бюджети тақчиллиги бутун 2024 йил учун белгиланган қизил чегарадан 2 баробарга ошиб кетиб, салкам 20 трлн сўмга етган.

Шундай тақчиллик шароитида давлат ташкилотларининг қимматбаҳо харидлари бу ҳафта ҳам жамоатчилик эътиборини тортди. Маълум бўлишича, ҳозир қимматбаҳо телефонлар хариди урф бўлган. Масалан, Самарқанд вилояти прокуратураси бир неча ой олдин 1 терабайт хотирага эга iPhone 14 Pro Max телефонларидан 22 дона сотиб олиш учун 425 млн сўм харажат қилган. Прокуратурага бунчалик қиммат смартфонлар нега керак экани маълум эмас.

Бу ҳолат маълум бўлгач, журналистлар суриштирув ўтказиб, яна ўндан ортиқ давлат ташкилотлари iPhone ва Samsung'нинг энг қиммат моделларидан сотиб олганини аниқлади. Бошқа бир суриштирувда эса  кўпдан кўп давлат идоралари 380 млн сўмдан 630 млн сўмгача бўлган нархлардаги электромобилларни харид қилаётгани маълум бўлди.

Қўша-қўша электромобил олаётган ташкилотлар қаторида, масалан, Қашқадарё вилояти ҳокимлиги ҳам бор. Ҳокимлик автопаркида 30 дан ортиқ хизмат автомобиллари бўлишига қарамай, яна 1 млрд 780 млн сўм сарфлаб, тўртта BYD Song Plus автомобилига буюртма берган. Қўшимча қилиб ўтамиз, “Ўзсувтаъминот” компанияси шу ҳафта берган маълумотга кўра, Қашқадарё вилоятининг 41 фоиз, яъни салкам ярим аҳолиси ичимлик суви билан таъминланмаган. Вилоят бу борада республикада биринчи ўринда туради.

Тошкентда яна иккита боғ инвесторга берилди

Ҳафта давомида энг кўп муҳокама қилинган мавзулардан яна бири ҳам давлат бюджети билан боғлиқ. Маълум бўлишича, боғларни таъмирлашга ва сақлаб туришга бюджетда пул йўқ деган важ билан, Тошкент шаҳри марказидаги “Дўстлик” ва Абдулла Қодирий боғлари ҳам инвесторга берилган. Бу боғларни 49 йилга ижарага олган инвестор бегона эмас – Чилонзордаги Ғафур Ғулом боғини Dream Park'га айлантирган BMP Smart Decision.

Компаниянинг маълум қилишича, ҳар иккала боғ узоғи билан 3 йил ичида реконструкция қилиниб, фойдаланишга топширилади. “Дўстлик” боғига ўнга яқин аттракционлар ўрнатиш режа қилинган. Абдулла Қодирий боғида эса аттракционлар бўлмаслиги, лекин бир нечта ресторан қурилиши айтиляпти. Шаҳар ҳокимлиги қошидаги жамоатчилик кенгаши раиси Фурқат Маҳмудхўжаев Kun.uz саволига жавобан боғларнинг номи ўзгаришсиз қолишини тасдиқлай олмади, лекин бунинг учун ҳаракат қилишга ваъда берди.

Таъкидлаш керак, охирги йилларда ҳар иккала боғ ҳудудининг айрим қисмлари сотилиб кетган, бу ерларда аллақачон бинолар ҳам қуриб бўлинган. Парклар хусусий қўлларга ўтгани маълум бўлгач, кўплаб фаоллар бунга қарши эканини билдирди. Жамоатчилик вакиллари боғларни халққа қайтаришни, керак бўлса республикадаги барча боғларни миллий боғлар деб эълон қилиб, уларнинг тақдирини ҳокимлар қўлида қолдирмасликни сўраяпти. “Дўстлик” боғида шовқин-суронли аттракционлар ва бошқа қурилишлар бўлишига қарши чиқаётган аҳоли вакиллари петиция тайёрлаб, имзо тўплашни бошлаб юборган.

Бу ҳафта яна нималар рўй берди?

АҚШ Ўзбекистонни интеллектуал мулк ҳуқуқи хавф остида бўлган давлатлар қора рўйхатидан чиқарди. Бу билан Қўшма Штатлар ҳукумати Ўзбекистонда интеллектуал мулк ҳуқуқини ҳимоялаш бўйича қилинган ижобий ўзгаришларни эътироф этди. Таъкидлаш керак, бу турдаги ҳуқуқлар дунё иқтисодиётининг драйвер соҳаларидан бири ҳисобланади. Ўзбекистонда эса ҳозирча асосан хонандалар билан боғлиқ ҳолатлар кўзга ташланяпти. Шу ҳафта маълум бўлишича, санъаткор-шоира Маҳлиё Аҳророва хонанда Авазбек Олимовдан 540 млн сўм ундиришни сўраб судга ариза киритган.

Судга мурожаат қилган яна бир санъаткор – Ботир Қодиров. У оталикни белгилаш юзасидан даъво аризаси киритган. Ботир Қотиров марҳум санъаткор Шерали Жўраев ўзининг отаси экани, у никоҳсиз фарзанд эмаслиги, онасининг шаънига зид гаплар бўлгани учун ҳам судга беришга мажбур бўлганини айтди. “Укаларимдан ҳеч нарсани истамайман, менга пули ҳам, мероси ҳам керак эмас”, деди у. Бундан олдин Зоҳиршоҳ Жўраев отасидан қолган меросга кўз тикилаётганини даъво қилганди. Маданият вазири Озодбек Назарбеков эса Ботир, Шоҳжаҳон ва Зоҳиршоҳни “уч тирранча” деб атаб, уларни “буюк санъаткорни лойга чаплаш”да айблади. Иш бўйича навбатдаги суд мажлиси Учтепа туманида 2 май куни бўлиб ўтади.

Яккасарой туман судида эса “Каримовлар иши” давом этяпти. Биринчи президент Ислом Каримовнинг биринчи никоҳидан бўлган ўғли Пётр Каримов ўтган йили ворислик даъвоси билан Татяна Каримовани судга берган эди. Июн ойида бошланган суд жараёни кўп ўтмай номаълум муддатга қолдирилганди. Маълум бўлишича, суд иши ёпиқ тарзда давом этяпти. Жараён давомида суд томонидан экспертиза тайинланган.

“3-4 йилдан кейин газ-свет бўйича ҳеч қандай муаммо бўлмайди”. Бу ҳақда энергетика вазирининг матбуот котиби Ҳасан Тошхўжаев душанба кунги матбуот анжуманида айтиб ўтди. “Олдимизда яна камида 3-4 йиллик иш турибди. 3-4 йилдан кейин – 2027-2030 йилларгача насиб қилса электр энергияси ва табиий газ етказиб беришда ҳеч қандай муаммолар бўлмайди деб ваъда бера оламиз”, – деди у. Вазирлик вакилининг сўзларига кўра, бу йил қишгача қаерда, қайси метан-шохобча ишлаётганини кўрсатадиган мобил илова ишга тушади. Иловага республика бўйлаб “Ҳудудгаз”дан газ оладиган 1329 та шохобчанинг барчаси уланиши айтиляпти.

1997 йилдан бери илк марта Ўзбекистонга Британия ташқи ишлар вазири келди. Аввалроқ қироллик бош вазири лавозимида ҳам ишлаган Дэвид Кэмероннинг Тошкентга ташрифи унинг Марказий Осиёдаги бешта республика ва Мўғулистонни ўз ичига олган турнесининг бир қисми бўлди. Тошкентда Ўзбекистон ва Британия ўртасида Кенг қамровли шерикчилик тўғрисидаги декларация имзоланди; инфратузилма, иқтисодиёт ва таълим соҳаларида ҳамкорлик қилишга келишиб олинди. Кэмерон Сенат раиси Танзила Норбоева, бош вазир ўринбосари Жамшид Қўчқоров, олий таълим вазири Қўнғиротбой Шарипов билан учрашди. Маълумот учун, давлат раҳбари ҳафта бошида қисқа муддатли меҳнат таътилига чиққанди.

Газ қазиб олиш кўрсаткичлари пасайишда давом этмоқда. Расмий статистикага кўра, биринчи чоракда газ қазиб олиш ҳажми 11,6 млрд куб метрни ташкил этиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 5,9 фоизга қисқарган. Газ импорти эса қиймат ҳисобида 2,4 баробарга ошиб, уч ойда 360,2 млн долларга етган. Шунингдек, январ-март ойларида нефт қазиб олиш 8,4 фоизга, бензин ишлаб чиқариш 6,5 фоизга камайган. Дизел ёнилғиси ишлаб чиқариш 2,5 фоизга кўпайган бўлса, электр энергияси ишлаб чиқариш 0,8 фоизга ошган.

Ўзбекистонда янги хусусийлаштириш дастури эълон қилинди. Унга кўра, НКМК, ОКМК ва бошқа бир қатор йирик давлат корхоналари хорижий ва/ёки маҳаллий фонд бозорларида IPO/SPO ўтказади. “Ўзавтосаноат” таркибидаги ўнлаб корхоналар, иссиқлик электр станциялари, Тошкент металлургия заводи, Silk Avia авиакомпанияси ва Humo тўлов тизими хусусийлаштирилади. Ҳафта давомида, шунингдек, Paynet компанияси хусусийлаштирилгани маълум бўлди – Давактив бу борада ҳам расмий маълумот бермаган.

Мавзуга оид