Ўзбекистон | 22:11 / 23.04.2024
15922
3 дақиқада ўқилади

“У ёки бу томонни танлашни сўрамаймиз” — Дэвид Кэмерон Британиянинг Марказий Осиёга муносабати ҳақида

Буюк Британия Марказий Осиё давлатлари билан ҳамкорликни мустаҳкамлаш ниятида, шу билан бирга, минтақа давлатларидан у ёки бу томондан бирини танлашни сўрамайди. Бу ҳақда Британия ташқи ишлар вазири Дэвид Кэмерон 23 апрел куни Тошкентга ташрифи вақтида журналистлар саволларига жавобан айтиб ўтди.

“Биз савдо ва бизнес инвестициялари, яшил ўсиш ва иқлим ўзгариши муаммоларини ҳал қилиш учун сармоя киритиш каби масалаларда ҳамкор бўла оламиз, деб ўйлайман. Таълим ва инглиз тилини тарғиб қилиш борасида жуда яхши ҳамкор бўла оламиз, деб ўйлаймиз. Шу билан бирга, биз минтақа мамлакатларини қандайдир танлов қилишингиз керак деб мажбурламаймиз. Биз ўз ҳамкорлигимизни таклиф қилмоқдамиз, танловни амалга ошириш эса сизнинг ихтиёрингизда. Айни пайтда биз жуда яхши ҳамкормиз деб ўйлаймиз”, – деди Британия дипломатияси раҳбари, Марказий Осиёдаги интеграция жараёнларини Лондон қандай қўллаб-қувватлаши ҳақидаги саволга жавобан.

Дэвид Кэмерон Буюк Британия томони Ўзбекистон билан ҳамкорликнинг қайси жабҳаларини устувор деб ҳисоблаши, шунингдек, Россия пропагандаси фонида ОАВ эркинлигининг роли қанчалик муҳимлиги ҳақидаги саволларга ҳам жавоб берди.

“Аввало, биз оммавий ахборот воситалари эркинлиги муҳим деб ҳисоблаймиз. Президентингиз, мамлакатингиз демократия тарафдори, оммавий ахборот воситалари эркинлиги тарафдори эканидан хабардорман. Биз ҳам буларнинг тарафдоримиз. Ҳар бир давлат бу нарсаларга ўз нуқтайи назари билан қараши ва ўз қоидалари ўз мамлакатига мос келишига ишонч ҳосил қилиши керак. Аммо демократия ҳар доим баҳс-мунозара, муҳокамалардан иборат.

Мамлакатингизни ва бу минтақани қандай қўллаб-қувватлашимиз мумкинлиги нуқтаи назаридан, менимча, иқтисодий қўллаб-қувватлаш муҳим деб ўйлаймиз. Биз минтақага ривожланиш учун ажратилаётган ёрдам дастуримизни икки баравар оширдик. Фикримизча, биз савдо бўйича кўпроқ ҳамкорлик қилишимиз, инвестициялар бўйича янги марраларни забт этишимиз мумкин, айниқса иқлим ўзгаришига қарши курашиш учун яшил инвестициялар бўйича. Буларнинг барчаси икки мамлакат учун фойдали деб ўйлайман. Бундай ҳамкорлик сизнинг мустақиллигингизни, ривожланиш ва фаровонлигингизни оширади ва пировардида бизнинг халқларимиз ҳам буни хоҳлайди”, – деди инглиз дипломатияси раҳбари.

Буюк Британия ташқи ишлар вазирининг 1997 йилдан кейинги даврдаги Ўзбекистонга илк ташрифи вақтида Кенг қамровли шерикчилик тўғрисидаги декларация ҳамда Минтақавий ва халқаро боғлиқлик ҳамда инфратузилма соҳаларидаги ҳамкорлик тўғрисидаги англашув меморандуми имзоланди.

Ташрифдан аввал Kun.uz Дэвид Кэмероннинг мақоласини эълон қилганди. Унда Британия–МО ҳамкорлигини янги даражага кўтарадиган устувор йўналишлар ҳақида сўз юритилган.

Мавзуга оид