Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 8 февралдаги фармойиши ижросини таъминлаш мақсадида Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида атмосфера ҳавосига чиқарилаётган тутун, чанг ва заҳарли газлар миқдорини камайтириш бўйича аниқ чора-тадбирлар белгиланди.

Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги, Бош прокуратура ҳамда Тошкент шаҳар ва Тошкент вилояти ҳокимликлари ҳамкорлигида 300 дан ортиқ мутахассисдан иборат ишчи гуруҳлар тузилди. Улар пойтахт ва вилоят ҳудудларидаги иссиқхона хўжаликлари, саноат ва қурилиш материаллари ишлаб чиқариш корхоналари, шунингдек ижтимоий соҳа объектларини тўлиқ хатловдан ўтказди.

Назорат тадбирлари якунида жами 4869 та объект ўрганилди, жумладан:

  • 595 та иссиқхона хўжалиги (Тошкент вилоятида — 381 та, Тошкент шаҳрида — 214 та);
  • 2265 та ижтимоий соҳа объекти;
  • 1998 та саноат ва қурилиш материаллари ишлаб чиқариш корхоналари.

Ўрганишлар давомида атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш қонунчилиги талабларига риоя этилмаган ҳолатлар аниқланиб, кескин чоралар кўрилди. Жумладан, баъзи хўжаликларда зарарли кимёвий, физик ва биологик таъсир кўрсатувчи моддалар ҳавога чиқарилгани, дудбурондан фойдаланиш қоидалари бузилгани қайд этилди.

Натижада:

  • 58 та иссиқхона хўжалигига маъмурий жарималар қўлланди;
  • 106 та хўжалик фаолияти вақтинча тўхтатилди;
  • 387 та ҳолат бўйича экологик талабларга мослаштириш ҳамда плёнка, автошинa ва ўсимлик қолдиқларини ёқилғи сифатида фойдаланмаслик юзасидан расмий огоҳлантириш хатлари юборилди.

Масъул идоралар назорат тадбирлари тизимли давом эттирилаётганини маълум қилди.