Ўзбекистон | 12:12 / 05.02.2026
15565
4 дақиқада ўқилади

Йўл ҳаракатида айрим ҳуқуқбузарликлар учун огоҳлантириш жорий этилади

Бундай «енгиллик»дан бир киши бир йилда фақат бир марта фойдаланиш мумкин.

Фото: Kun.uz 

Ўзбекистонда энди йўл ҳаракати билан боғлиқ айрим ҳуқуқбузарликлар учун дастлаб огоҳлантириш берилади. 4 февралда имзоланган қонун билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга тегишли қўшимча ва ўзгартиришлар киритилди.

Унга кўра, йўл ҳаракати хавфсизлиги билан боғлиқ кам аҳамиятли ҳуқуқбузарликлар учун маъмурий огоҳлантириш жазоси қўлланиши белгиланди.

Маъмурий огоҳлантириш – ҳуқуқбузарлик содир этган шахсни қонунга хилоф хатти-ҳаракатларга йўл қўймаслик тўғрисида огоҳлантирган ҳолда унга расмий танбеҳ беришдир.

Маъмурий огоҳлантириш ёзма (электрон) шаклда қўлланади.

Ушбу жазо чораси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг қуйидаги моддаларида назарда тутилган ҳуқуқбузарликни содир этган шахсларга нисбатан қўлланади:

125-модданинг 1 ва 2- қисмлари:

  • ҳайдовчиларнинг транспорт воситаларини бошқариш ва йўловчилар ташишда хавфсизлик камаридан фойдаланиш қоидаларига, худди шунингдек, мототцикл ва мопедлар ҳайдовчиларининг мотошлемлардан фойдаланиш қоидаларига риоя этмаслиги,
  • ҳайдовчиларнинг белгиланган тартибда рўйхатдан ўтказилмаган ёки мажбурий техник кўрикдан ўтказилмаган ёхуд фойдаланиш ман этиладиган даражада носозлиги бўлган ёки қонунчиликда белгиланган тартибда фавқулодда вазиятда ойнани синдириш учун фойдаланиладиган болғача билан жиҳозланмаган, ўт ўчиргич, тиббиёт қутичаси, авария ҳолатида тўхтаганини билдирувчи белги ва нур қайтаргичли камзул билан бутланмаган, худди шунингдек, ишлаётганида ташқарига чиқараётган ифлослантирувчи моддаларнинг миқдори, шунингдек, шовқин даражаси белгиланган нормалардан ортиқ бўлган транспорт воситаларини бошқариши;

128-1-модда – транспорт воситасини бошқариш вақтида ҳайдовчиларнинг телефондан  фойдаланиши (бундан телефондан қулоқчинлар орқали ва қўлларни ишлатмасдан туриб сўзлашувлар олиб бориш имкониятини берадиган бошқа ускуналар орқали фойдаланиш мустасно);

128-2-модда – транспорт воситасини бошқариш вақтида теле-, видеодастурларни томоша қилиш мақсадида транспорт воситаси салонининг олд қисмига ўрнатилган монитордан (дисплейдан) фойдаланиш;

128-6-модда – транспорт воситалари ҳайдовчиларининг тўхташ ёки тўхтаб туриш қоидаларини бузиши;

135-1-модда – транспорт воситалари эгаларининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш тўғрисидаги қонунчиликнинг талабларини бузиш;

138-модда 1- ва 2-қисмлари:

  • пиёдаларнинг йўл ҳаракатини тартибга солувчи сигналларга бўйсунмаслиги, уларнинг йўлнинг ҳаракат қисмини белгиланмаган жойлардан кесиб ўтиши, пиёдалар йўлнинг қатнов қисмида, шу жумладан, пиёдалар ўтиш жойида ҳаракатланаётганда телефондан фойдаланиши, китобларни ёки даврий нашрларни ўқиши, видеоматериалларни томоша қилиши ҳамда аудиоматериалларни эшитиши, шунингдек, эътиборни чалғитадиган бошқа электрон воситалардан фойдаланиши, шунингдек скутерлар, мопедлар ва велосипедларни, индивидуал ҳаракатланиш воситаларини, уловли аравани бошқариб бораётган шахсларнинг ҳамда йўлдан фойдаланувчи бошқа шахсларнинг йўл ҳаракатини тартибга солувчи сигналларга бўйсунмаслиги, устунлик берувчи, тақиқловчи ёки кўрсатма берувчи йўл белгилари талабларига риоя этмаслиги,
  • ҳайдовчиларга ҳар хил хизмат кўрсатиш мақсадида йўлнинг қатнов қисмида фуқароларнинг туриши, йўлларга ажратилган минтақа теграсида мол боқиш.

Бунда шахс ўз қилмишидан чин кўнгилдан пушаймон бўлганда ва бошқа ҳуқуқбузарлик аломатлари мавжуд бўлмаганда, маъмурий жазо чорасини қўллашга ваколатли орган томонидан маъмурий огоҳлантириш берилади.

Шу билан бирга, маъмурий огоҳлантириш айни бир шахсга нисбатан бир йил давомида бир мартадан ортиқ қўлланмайди.

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев

Мавзуга оид