Аёллар дунёси | 09:12 / 10.01.2026
12437
3 дақиқада ўқилади

Ҳомиладорлик нафақаси бўйича янги тартиб: расмий муносабат эълон қилинди

Давлат ижтимоий суғуртаси доирасида ҳомиладорлик ва туғиш нафақасини тайинлаш ҳамда тўлаш тартиби юзасидан тарқалаётган саволларга расмий муносабат билдирилди. Унда янги тартиб Меҳнат кодексига зид эмаслиги, нафақа миқдори суғурта стажига мутаносиб ҳисобланиши қайд этилди.

Фото: Fotolia

Давлат ижтимоий суғуртаси доирасида ҳомиладорлик ва туғиш нафақасини тайинлаш ҳамда тўлаш тартибига доир айрим саволлар бўйича расмий муносабат эълон қилинди.

Маълум қилинишича, Меҳнат кодексининг 404-моддаси учинчи қисмига кўра, ҳомиладорлик ва туғиш нафақасини тайинлаш ҳамда тўлаш тартибини Вазирлар Маҳкамаси белгилайди. Шунингдек, 2025 йил 9 декабрда қабул қилинган “Давлат ижтимоий суғуртаси тўғрисида”ги қонунга мувофиқ ҳам давлат ижтимоий суғуртаси бўйича тўловларни тайинлаш ва амалга ошириш тартиби, энг кам суғурта стажи ҳамда тўлов муддатлари Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланиши кўзда тутилган.

Расмий изоҳда таъкидланишича, Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 17 декабрдаги 796-сон қарори билан тасдиқланган низомга кўра, ҳомиладорлик ва туғиш нафақаси миқдорини ҳисоблашда суғурта стажига мутаносиб стаж коэффициентлари қўлланилади. Жумладан:

  • 10 ойдан 24 ойгача суғурта стажи бўлса — 75 фоиз;
  • 25 ойдан 60 ойгача бўлса — 85 фоиз;
  • 61 ой ва ундан ортиқ бўлса — 100 фоиз.

Шу асосда, янги тартиб Меҳнат кодексига зид эмаслиги билдирилди. Чунки кодексда ҳомиладорлик ва туғиш таътили даври учун ўртача ойлик иш ҳақининг камида 75 фоиз миқдорида нафақа тўланиши сақланиб қолган, тартиб-таомилларни белгилаш эса Вазирлар Маҳкамаси ваколатига кириши таъкидланган.

Бундан ташқари, давлат ижтимоий суғуртаси тизими орқали тайинланадиган нафақалар ижтимоий ёрдам эмас, балки суғурта механизмига асослангани, нафақа олиш ҳуқуқи меҳнат муносабатларида иштирок этиш ва суғурта бадалларини тўлаш билан боғлиқ экани қайд этилди.

Расмий муносабатда 2026 йил 1 январга қадар амалда бўлган тартибда нафақалар айрим тоифаларда иш берувчининг тўғридан тўғри мажбурияти сифатида тўлангани, бу эса бадаллар ва нафақа ҳуқуқи ўртасидаги мутаносибликни таъминламагани айтилди. Шу сабаб баъзи ҳолатларда нафақа олиш мақсадида меҳнат муносабатларини қисқа муддатга сунъий расмийлаштириш ҳолатлари кузатилгани, янги тизимда бундай суиистеъмолларнинг олдини олиш ва молиявий барқарорликни таъминлаш учун минимал суғурта стажи талаби жорий этилгани билдирилди.

Маълумот учун, аввалги тартибга кўра хусусий секторда ишловчи аёллар нафақа олиши учун камида охирги 6 ой давомида узлуксиз иш стажи талаб этилгани ҳам эслатиб ўтилди. Шунингдек, қатор давлатларда ҳомиладорлик ва туғиш нафақасини олиш учун 10–12 ойлик минимал иш/суғурта стажи амалиёти борлиги келтирилди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид