Ҳаагадаги халқаро трибунал Исроил бош вазири ва собиқ мудофаа вазирини Фаластиндаги бемисл хунрезликлар учун қамоққа олишга буйруқ бергани – тарихий адолатнинг қарор топиши йўлидаги катта ҳуқуқий, маънавий марра, дейди сиёсатшунос Камолиддин Раббимов Kun.uz'даги колонкасида.
Кеча, 21 ноябр куни Халқаро жиноят суди Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу ва собиқ мудофаа вазири Йоав Галантни қамоққа олиш учун ордер берди.
Улар уруш методи сифатида очлик келтириб чиқаришда ифодаланган ҳарбий жиноятлар ҳамда қотиллик, таъқиб қилиш ва бошқа ноинсоний хатти-ҳаракатларда ифодаланган инсониятга қарши жиноятларда айбланмоқда.
Нетаняҳу ва Галант, шунингдек, тинч аҳолига қасддан ҳужум уюштириш жиноятига алоқадорликда ҳам айбланган.
Исроил давлати бу ҳукмни жуда салбий қабул қилди. Мамлакат сиёсий элитаси жазавада. Нега? Сабаби оддий: бу суддан кейин исроиллик ҳарбийлар, бошқа сиёсатчилар ҳам судланиши, айбдор деб топилиши, натижада бутун Исроил давлатининг халқаро муносабатлари мажруҳланиши мумкин.
Қолаверса, бу суд ҳукми – жуда оғир ҳуқуқий-тарихий тамғаки, бундан кейин “Исроил – энг оғир жиноятлар қилган ва расман ушбу жиноятларда айбланган давлат” деб тан олинади.
Халқаро жиноят суди баёнотига кўра, Исроил “атайлаб миллионлаб инсонларни Ғазода очдан ўлдириш учун блокада сиёсатини олиб борди”, “атайлаб тинч аҳолини ўққа тутиб, ўн минглаб инсонларни ўлдирди”, деган айбловлар илгари сурилмоқда.
Эндиликда Рим статути (ХЖСнинг асос ҳужжати)ни ратификация қилган давлатлар Нетаняҳу ушбу давлатларга борган тақдирда уни ушлаб бериши керак бўлади. Бу – Исроил бош вазири ва давлатчилигини жуда қийин аҳволга солади.

Суд ҳукмига муносабатлар турлича бўлди. АҚШ, ҳар доимгидек, Исроил тарафда. Вашингтон бу масалада яккаланиб қолди. АҚШ президенти Байден “бу ҳукмдан жаҳлим чиқди, биз Исроил хавфсизлигини ҳимоя қиламиз” деди. АҚШлик сенатор Том Коттон эса янада радикалроқ фикр билдирди: “Кимки бу қарорни ижро қилса, ўзидан кўрсин, керак бўлса бостириб кирамиз”.









