Гувоҳлар ва маҳаллий оммавий ахборот воситалари хабарларига кўра, ўнлаб меҳмонлар ёш келин-куёвни қутлаш учун Эрон жанубидаги Куҳестак шаҳрига – Малаҳийлар оиласининг уйига аллақачон етиб келишганди.

Сешанба куни соат 21:30 лар атрофида тўйга бомба тушди. New York Times нашрининг визуал таҳлили ва қурол бўйича экспертнинг таъкидлашича, ушбу бомба Америка ҳарбийлари томонидан Эрон жанубида олиб борилаётган кучли ҳужумлар доирасида ташланган. Эрон Қизил Ярим Ой жамиятининг маълум қилишича, тўйда камида беш киши, жумладан 6 ёшли бола ҳалок бўлган ва камида яна 67 киши яраланган.

Меҳмонлар орасида NYT томонидан шахси тасдиқланган Мутаҳҳара исмли аёл ҳам бор эди. Тўй оқшомида у бир кун олдин бўлиб ўтган аёллар хина оқшомидан олинган селфисини Instagramʼга жойлаган эди.

2026-09-04 08.48.01
NYT

Ҳужумдан кейин бир соат ичида юкланган кейинги постида Мутаҳҳара «тўй мотамга айланди ва ширин тун мангу аччиқ бўлиб қолди», деб ёзди.

Зарбадан кейинги илк ҳолат акс этган видеода – маҳаллий аҳолининг вайрон бўлган бинолар орасида шошилиб югураётгани, тиббий ёрдам ходимлари эса ҳудудга шланг орқали сув сепиб ўчиришга уринаётгани тасвирланган тартибсиз манзара кўринади.

Нашр видеонинг қаерда суратга олинганини аниқ тасдиқлади. Хусусан, ҳудуднинг сунъий йўлдош тасвирларига мос келадиган белгилари видеонинг ҳақиқатан ҳам сешанба оқшомида тасвирга олинганини исботлади.

Гувоҳлар нима дейди?

Эрон жанубидаги кичик шаҳарчаларда тўйлар анъанавий тарзда одамларнинг уйларида ўтказилади, Малаҳийлар оиласида ҳам худди шундай бўлган эди. Тўйлар бутун бир маҳалла тадбирига айланиб, эркаклар ва аёллар алоҳида уйларда йиғилишади. Афтидан, зарбалар тўй бўлиб ўтаётган бинолардан бирига тушган.

2026-09-04 08.56.50
Фото: Reuters

Ўқитувчи Ҳамид Касирий ва бошқа гувоҳлар бино томининг ўпирилиб тушган жойи акс этган видеоларни жойлаштирди. Эрон расмийларига кўра бу бино тўғридан-тўғри АҚШ зарбасига учраган. Бетон деворлар тешилган, эшиклар чилпарчин бўлган, шифтлар қулаб тушган ва бутун ҳудуд бўйлаб вайроналар сочилиб ётарди.