Ўзбекистонда “Давлат хизматчиларининг даромадлари ва мол-мулкини декларация қилиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси 2025 йил май ойида тайёр бўлиши керак.

Бундай вазифа 21 апрелда имзоланган президент фармонида келтирилган.

Қонун лойиҳасида декларация субъектлари, объектлари ва унда акс эттириладиган маълумотлар, декларацияни тақдим қилиш шакли ва тартиби, уни текшириш тартиби назарда тутилади.

Топшириқ ижроси учун масъул сифатида Коррупцияга қарши курашиш агентлиги, Адлия вазирлиги ва Бош прокуратура кўрсатилган.

Давлат хизматчилари даромадини декларациялашга оид қонунни қабул қилиш вақти келди — президент

21 апрел кунги фармонга асосан, яна бошқа қатор ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқиш ҳам кўзда тутилган.

Хусусан, вазир ва ҳоким лавозимига номзодлар тегишлича Қонунчилик палатаси ва халқ депутатлари кенгашларида кўриб чиқилаётганда улар коррупциянинг олдини олиш бўйича аниқ режасини тақдим этиб, ҳимоя қилиши керак бўлади. Бунинг тартибини Олий Мажлис палаталари келишув асосида, 2025 йил май ойи охиригача ишлаб чиқиши зарур.

Адвокатлар фаолиятига тўсқинлик қилаётган омилларни бартараф этишга қаратилган қонун лойиҳаси эса 2025 йил июн ойида тайёр бўлиши кўзда тутилмоқда.

Июн ойи охиригача, шунингдек, давлат фуқаролик хизматига оид фармон лойиҳаси ҳам ишлаб чиқилади ва унда қуйидагилар кўзда тутилади:

  • давлат хизматчилари реестри;
  • кадрларнинг коррупцияга мойиллик даражасини ўрганиш тартиби;
  • давлат хизматчиларини ишга қабул қилиш жараёнини очиқ ва шаффоф ўтказиш механизмлари;
  • давлат хизматчисининг малакаси ва салоҳияти, эришган натижаларини IT технологиялар асосида баҳолаш, номзодларни лавозимга тайинлашда уларнинг билими, тажрибаси ва эришган натижаларини асосий мезон сифатида белгилаш;
  • вазирлик ва идоралар марказий аппаратидаги раҳбарлик лавозимларига устувор равишда қуйи бўғинларда ишлаган, туман (шаҳар) даражасида раҳбарлик лавозимларига эса вилоят, республика идораларида ишлаган кадрларни тайинлаш бўйича янги тизим.