Ўзбекистон | 12:27 / 19.11.2024
2561
3 дақиқада ўқилади

Маҳаллий кенгашлар ҳар ярим йилда матбуот анжумани ўтказиши керак — президент

Шавкат Мирзиёевнинг сўзларига кўра, доимий ўтказиладиган матбуот анжуманлари маҳаллий кенгашлар фаолиятида ошкоралик ва ҳисобдорликни кучайтиради. Президент вилоятлар ва Тошкент шаҳар кенгашларига ҳокимлар раислик қилишига барҳам берилганини Ўзбекистон халқининг 30 йиллик орзуси рўёби деб атади.

Фото: Президент матбуот хизмати

Президент Шавкат Мирзиёев Сенат янги чақириғининг илк ялпи мажлисида сўзга чиқиб, юқори палата олдида турган долзарб вазифаларни санаб ўтди.

Янгиланган Конституцияда Сенат ва Қонунчилик палатаси ваколатларидаги такрорий ҳолатлар бартараф этилиб, уларнинг ҳар бирига тегишли вазифалар аниқ кўрсатилди. Эндиликда Сенат қонунларни муҳокама қилишда янгича механизмларни жорий этиши мақсадга мувофиқлиги қайд этилди.

Айниқса, қонун ижодкорлиги жараёнига маҳаллий кенгашларни кенг жалб этиш, ҳар бир қонун бўйича уларнинг фикрини олиш амалиётини йўлга қўйиш муҳим аҳамиятга эга.

Ҳудудларнинг ўзига хос хусусият ва имкониятлари ҳисобга олинмаган қонунлар қуйи бўғинда самарали ишламаслиги боис, давлат раҳбари қонунларни парламент қўмиталарида кўриб чиқишда вазирлик ва идоралар вакиллари билан эмас, балки маҳаллий кенгашлар депутатлари билан кўпроқ иш олиб борилса, адолатдан бўлишини таъкидлади.

Ўзбекистон Конституцияда Сенат ҳудудий вакиллик палатаси экани белгилаб қўйилган. Шунга кўра, маҳаллий кенгашлар фаолиятига ҳар томонлама кўмаклашиш Сенатнинг устувор вазифаси бўлиши кераклиги таъкидланди.

Энди халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар кенгашларига ҳокимлар эмас, балки депутатлар орасидан сайланган кенгаш раислари бошчилик қилади. Президент бу сиёсий ислоҳот орқали Ўзбекистон халқининг 30 йиллик орзуси рўёбга чиққанини айтди.

Бу йил ҳокимларнинг 33 та ваколати кенгашларга олиб берилди, яна 17 та ваколатни ўтказиш режа қилинган. Мисол учун, ичимлик суви тарифига устама, давлат объектлари ва бозорларда ижара тўловлари каби жами 7 турдаги маҳаллий йиғимлар миқдорини тасдиқлаш ваколати ҳам маҳаллий кенгашларга ўтказилиши кўзда тутилган.

Шунингдек, кенгаш сўрови ва кенгаш текшируви каби янги механизмлар орқали ҳудудий ижро органлари фаолияти устидан назорат кучайтирилади.

Маҳаллий кенгашлар томонидан ҳар ярим йилда қилинган ишлар бўйича матбуот анжуманлари ўтказиш амалиёти йўлга қўйилса, бу уларнинг фаолиятида ошкоралик ва ҳисобдорликни кучайтириши кўрсатиб ўтилди.

Ҳоким ҳам, кенгаш раиси ҳам, аввало, ўз ҳудудида яшаётган аҳоли манфаатларини етакчи ўринга қўйиб, бир жамоа бўлиб ишлаши лозимлиги қайд этилди.

Айни пайтда Конституцияда белгиланганидек, туман, шаҳар ва вилоятлар миқёсида қонун ҳужжатларини сўзсиз ижро этиш, ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий, маданий ва экологик жиҳатдан ривожлантириш учун ҳокимлар масъул ва жавобгар.

Сенат эса маҳаллий ҳокимлик ва кенгашлар ҳамжиҳат фаолият юритиши, ўзаро муносабатларини тўғри ташкил этиши учун уларга яқиндан ёрдам бериши зарурлиги айтилди.

Президент юқори палатани туман ва шаҳар кенгашларига ҳам ҳокимлар раислик қилмаслиги бўйича ислоҳотга жиддий тайёргарлик кўришга чақирди.

Мавзуга оид