Жамият | 10:41 / 15.11.2025
8152
4 дақиқада ўқилади

Сирдарёда солиқ ходимлари пора билан қўлга тушди

Давлат хавфсизлик хизмати, Бош прокуратура, Давлат солиқ қўмитаси ҳамда Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирлар натижасида Сирдарё, Андижон ва Самарқанд вилоятларида бир қатор коррупция ҳолатларига чек қўйилди.

Фото: Видеодан кадр

Жорий йил 7 ноябр куни Сирдарё вилояти Солиқ бошқармаси бош инспектори томонидан Сирдарё туманида фаолият юритувчи МЧЖда ўтказилган текширув жараёнида корхонада 400 млн сўм миқдорида солиқ қарздорлиги мавжудлиги аниқланган.

Қонунчиликка кўра, бундай ҳолатлар учун маъмурий жавобгарлик назарда тутилган бўлса-да, Солиқ бошқармаси шуъба бошлиғи бош инспектор билан олдиндан тил бириктириб, қарздорлик суммасини 90 млн сўмгача камайтириб бериш эвазига 1500 АҚШ доллари миқдорида пора талаб қилади.

У сўралган пул маблағини олган вақтида ДХХ ва прокуратура ходимлари томонидан ашёвий далиллар билан ушланади. Тезкор тадбир давомида солиқ қарздорлигини камайтириш бўйича расмийлаштирилган далолатномани жамият раҳбарига топшираётган бош инспектор ҳам процессуал тартибда қўлга олинган.

Айни пайтда мазкур солиқ ходимларига нисбатан Жиноят кодексининг 210-моддаси 2-қисми “в” ва “г” бандлари билан жиноят иши қўзғатилиб, “қамоқ” эҳтиёт чораси қўлланган.

Навбатдаги ҳолат Андижон вилоятида қайд этилди. Вилоят Солиқ бошқармасининг бўлим инспектори Улуғнор туманида қуёш панеллари ўрнатиш билан шуғулланувчи МЧЖ юридик манзили бўйича ўрганиш ишларини олиб бориш чоғида корхона кўрсатилган манзилда фаолият юритмаётгани ва ҳисоботлардаги товар-моддий бойликлар бўйича номутаносибликлар мавжудлигини аниқлайди.

Инспектор ҳолат юзасидан далолатнома расмийлаштириб, жамиятнинг банк ҳисоб рақами бўйича операцияларни тўхтатиб қўяди. Шундан сўнг у ўз хизмат мавқеидан фойдаланиб, аниқланган камчиликлар юзасидан маъмурий ҳуқуқбузарлик баённомасини расмийлаштирмаслик, шунингдек, банк ҳисоб рақамига қўйилган тақиқни олиб ташлашни ваъда қилиб, МЧЖ ҳисобчисидан 500 АҚШ доллари миқдорида пора талаб қилади.

Давлат хавфсизлик хизмати, Солиқ қўмитаси Шахсий хавфсизлик бошқармаси ва Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда у 6 млн сўм эквивалентидаги пул маблағини қариндошларига тегишли 2 та банк пластик картасига ўтказдириб олган вақтда ушланган.

Ҳозирда солиқ инспекторга нисбатан Жиноят кодексининг 210-моддаси 2-қисми “в” банди билан жиноят иши қўзғатилиб, “қамоқ” эҳтиёт чораси қўлланган.

Яна бир ҳолат Мажбурий ижро бюроси Самарқанд шаҳар бўлимида қайд этилган. Давлат ижрочиси фуқаролик ишлари бўйича Самарқанд шаҳар судининг жавобгар шахсга нисбатан банк фойдасига 117 млн 804 минг сўм миқдоридаги қарздорликни ундириш ҳақидаги қарор бўйича чиқарилган ижро варақасини суд тизимида ишловчи танишлари орқали бекор қилиб беришини ваъда қилади.

Шунингдек, у ишни кўриб чиқиш учун белгиланган давлат божидан гўёки озод қилиш, жавобгарнинг автотранспорт воситасига қўйилган тақиқни олиб ташлашини айтган ва бунга муносиб “хизмат ҳақи” сифатида 500 АҚШ доллари талаб қилган. Давлат ижрочиси талаб қилинган пул маблағини таниши орқали олган вақтда Давлат хавфсизлик хизмати ва Бюронинг вилоят бошқармаси Шахсий хавфсизлик шуъбаси ходимлари томонидан ашёвий далиллар билан ушланган.

Ҳозирда давлат ижрочисига нисбатан Жиноят кодексининг 25,168-моддаси 3-қисми “в” банди ҳамда 28,211-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид